Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ғазода сулҳ можароси

19 октябр куни Исроил армияси сулҳни бузиб, яна Ғазодаги Рафаҳ шаҳрига зарбалар берди. Маҳаллий ОАВларга кўра, ҳужум Ҳамас аъзоларининг Рафаҳда исроиллик ҳарбийларга ҳужумига жавобан амалга оширилган.

Ўз навбатида, Ҳамас вакиллари тинчлик келишувларига содиқ эканини таъкидламоқда. Шу билан бирга, Рафаҳдаги ҳужумнинг нишони исроиллик ҳарбийлар эмас, балки Ҳамасга қарши бўлган маҳаллий милиция етакчиси экани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Исроил армияси маълум қилишича, Ҳамас танкка қарши ракета учиргач ва аскарларга ўт очгач, бутун сектор бўйлаб жойлашган гуруҳнинг нишонларига — дала қўмондонлари, жангчилар, туннел ва қурол омборларига зарба берилган.

Ҳамаснинг ҳарбий қаноти эса ўт очишни тўхтатиш шартномасига содиқ қолаётганини, Рафаҳда юз берган тўқнашувлардан бехабар эканини ва март ойидан бери у ердаги гуруҳлар билан алоқа қилмаганини билдирди.

Маҳаллий манбалар ва тиббиёт расмийларига кўра, ҳужумларда камида 26 киши, жумладан, бир аёл ва бир бола ҳалок бўлган. Нусейрат ҳудудида кўчирилган фуқаролар жойлашган собиқ мактаб ҳам урилган.

Шундан сўнг, АҚШнинг босими билан Исроил армияси якшанба куни Ғазода ўт очишни тўхтатиш режими қайта кучга кирганини маълум қилди. АҚШ президенти Доналд Трамп ўзи воситачилик қилган сулҳ кучда қолаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бузилишларга «Ҳамас раҳбарияти аралашмаган бўлиши мумкин».

«Эҳтимол, раҳбарият бунга алоқадор эмасдир», - деди у Air Force One бортида журналистларга. «Қандай бўлмасин, бу масала қаттиқ, аммо адолатли тарзда ҳал қилинади».

АҚШ вице-президенти Ж.Д.Вэнс сўзларига кўра, Ҳамасни тўлиқ қуролсизлантириш учун «баъзи Форс кўрфази араб давлатлари жойларга кириб, тартиб ва хавфсизликни таъминлаши» талаб этилади.

Исроил хавфсизлик манбаси АҚШ босими остида Ғазога ҳуманитар ёрдам душанбадан қайта кириши режалаштирилганини билдирди.

Ғазода «барқарор тинчлик» тўғрисидаги битим 13 октябр куни имзоланганди. Исроил секторни ўққа тутишни тўхтатди, Ҳамас эса ўз қўлидаги барча исроилликларни қўйиб юборди ҳамда ҳалок бўлганларнинг жасадларини топширишни бошлади. Ўшандан бери томонлар бир-бирини келишув шартларини етарли даражада бажармаганликда бир неча бор айблаган.