Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қоғозбозлик ўтмишда қолдими? Unicon Soft мисолида рақамли бошқарувга ўтиш тажрибаси
Битта имзо учун раҳбарни кутиш замони ўтди. Бугун бу жараённи онлайн амалга ошириш мумкин. Бу имкониятни мамлакат бўйлаб жорий этиб келаётган Unicon Soft компанияси — Ўзбекистондаги электрон ҳукумат тизимининг асосий драйверларидан бири.
Бугунги кунда давлат органлари ўртасидаги ҳужжат алмашинуви рақамлаштирилиши натижасида топшириқлар ижроси устидан назорат таъминланди, давлат хизматчиларининг иш самарадорлиги ошди ҳамда меҳнат интизоми таъминланди, энг муҳими, давлат хизматларининг электронлашиши натижасида фуқароларининг оғири енгил, мушкули осон бўлди.
Масалан, яқин ўтмишда судга мурожаат қилган фуқаролар суд мажлиси қайси санага белгиланиши, суд ишига қайси судья раислик қилишини суд кунига қадар билолмасди. Бугун суд қарорини олиш, кўриш учун бориш шарт эмас. 2017 йилда ташкил топган Unicon Soft МЧЖ томонидан яратилган судларни рақамлаштириш ва одил судловни таъминлашга қаратилган миллий платформа — “Адолат” ахборот тизимлари комплекси бугунги кунда бу жараёнлар шаффофлашди.
“Судлар фаолиятини рақамлаштиришда катта натижаларга эришдик. Яъни, фуқароларнинг судга мурожаат қилишлари, тўловларни ҳам рақамлашганлиги, фуқаролар томонидан берилган аризаларнинг онлайн ҳолатини кўриб туриш, яъни аризаси қай ҳолатда. Суд мажлиси жараёнлари қайси кунга белгиланди, судни қайси судья олиб бориши... Бундан жуда ҳам кўп фуқароларга қулайликлар ва имкониятлар яратилди”, — дейди Unicon Soft МЧЖ бош директори Умид Усманов.
“Илгари судга мурожаат қилиш бироз мураккаброқ, даҳмазаси кўп жараён бўлганини кўпчилик яхши эсласа керак. Масалан, Самарқанддаги даъвогар Тошкентдаги жавобгарнинг устидан судга ариза топширмоқчи. Мазкур иш бўйича гувоҳ эса Фарғонада яшайди. Иш судга ошгудек бўлса, уларнинг ҳаммасини битта жойга жамлаш керак бўларди.
Ҳозир эса компаниямиз томонидан ишлаб чиқилган “Адолат” платформасида уларнинг барчасини онлайн тўплаш имконияти бор. Бундан ташқари, тизимда ўтмишда бўлиб ўтган бир хил мазмундаги ишларнинг базаси ҳам шакллантирилган бўлиб, бу суд хизматчиларининг ишларини ҳам, мурожаатчиларнинг даъвосини кўриб чиқилишини ҳам осонлаштирмоқда, тезлаштирмоқда.
2016 йилдан бошлаб ишлаб чиқарила бошланган бу лойиҳанинг ҳозирга қадар бир қанча версияси ишлаб чиқилди. Чунки қайсидир йилга келиб қонунчилик такомиллаштирилди, баъзи судлар қўшилиши ёки бўлиниши ҳисобига тизимни мунтазам такомиллаштиришга тўғри келди. Мана, ҳозирги кунда мазкур платформа суд фаолияти шаффофлигини таъминламоқда”, — дейди Unicon Soft компанияси кузатув кенгаши раиси Шерзод Ҳабибуллаев.
Бундан бир неча йиллар аввал ҳужжатларни расмийлаштириш учун масъуллар қоғоз кўтариб, идорама-идора юрар эди. Биргина имзони олиш учун ҳам кунлаб вақт кетарди. Бу жараёнда маблағ, инсон ресурси сарфланарди. Ҳозир эса ҳужжатлар электрон шаклда, уларни масофадан қабул қилиш мумкин, раҳбарлар чет эл сафарларида бўлса ҳам телефон орқали ҳужжатларни бемалол имзолай олишади. Буларнинг барчаси ҳужжатларни рақамлаштириш натижасида пайдо бўлмоқда.
Unicon Soft МЧЖ 8 йиллик фаолияти давомида давлат бошқарувини рақамлаштириш борасида ишончли ва сифатли ечимлар тақдим этиб келмоқда. Компания томонидан бугунги кунга қадар элликдан зиёд ахборот тизимларини ишлаб чиқилиб, уларга техник хизмат кўрсатилиб келмоқда.
“Рақамлаштириш давлат бошқарувида жуда ҳам керакли қадам. Яъни у электрон ҳукуматни ривожлантиришнинг муҳим шарти десам бўлади. Ўзимиз ишлаб чиққан тизимлар мисолида айтадиган бўлсам, вазирлик ва идораларда ички ва ташқи ҳужжатлар электрон кўринишда айланишни бошлагандан кейин ижрочиларга уни етказиш жуда ҳам осон ва тез амалга оша бошлади.
Биринчи навбатда топшириқларни, ҳужжатларни асосий ижрочиларига, эгаларига етказишда вақт сарфининг олди олинди. Ҳужжатларни қоғозга чиқариш, сканерлаш, электр энергияси, транспорт, почта ва ҳоказо кўплаб ортиқча сарф-харажатлар иқтисод қилинди. Энг муҳими, ходимларнинг вақти тежаб қолинди”, дейди Умид Усманов.

Unicon Soft компанияси томонидан ишлаб чиқилган катта лойиҳалардан бири бу — Ijro.gov.uz платформаси. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва топшириқлари ижросини назорат қилиш учун жорий этилган ягона электрон тизим ҳисобланади.
Ушбу тизим давлат органлари, ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимият идоралари ўртасидаги ҳужжат айланишини рақамлаштириш, ижро интизомини кучайтириш ва шаффоф бошқарувни таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
“Энг катта лойиҳаларимиздан биттаси бу Ijro.gov.uz номли платформа бўлиб, қонунчилик ҳужжатларини назорат қилиш ва ички, идоралараро ҳужжат айланиши ушбу тизим орқали амалга оширилади. Хўш, бу тизим қандай манфаат келтирмоқда?
Авваллари янги ҳужжат қабул қилинганда, ундаги топшириқлар ва бошқа турдаги кўрсатмалар ижроси назорати қўлда, яъни қоғоз шаклида юритилган. Бу жараёнларнинг рақамлаштирилгани ҳисобига ҳозир ҳар бир берилаётган топшириқ, ижрочиси, ижро учун белгиланган муддати тизимда аниқ кўрсатилган, ижрони пайсалга солиш учун ҳеч қандай баҳоналарга имкон йўқ. Йиллар давомида синовлардан муваффақиятли ўтгани учун ҳам ушбу платформа ҳозирги кунда давлат миқёсида кенг миқёсда фойдаланиб келинмоқда”, дейди Шерзод Ҳабибуллаев.
Компания томонидан тақдим этилган яна бир лойиҳа Edo.ijro.uz эса давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида ҳужжат алмашинувини электрон шаклда амалга оширишга мўлжалланган ягона платформа ҳисобланиб, тизим орқали ҳужжатлар электрон шаклда яратилади, юборилади, сақланади ва рақамли имзо орқали тасдиқланади. Бу эса уларнинг ҳаққонийлиги ва хавфсизлигини таъминлайди.
“Бугунги кунда мана, барча 64 та вазирлик, идораларда, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, туман, шаҳар ҳокимликларида, бундан ташқари, хўжалик бирлашмаларида Edo.ijro.uz тизими самарали ишлатилиб келмоқда.
Олдин давлат органларида ҳужжатлар раҳбарга навбат билан киритиларди. Агар у хизмат сафарида ёки бошқа сабаб билан ўз ўрнида бўлмаса қайтиб келишини кутиб ҳужжатлар тўпланиб кетарди. Раҳбар кунлаб вақт ўтказиб, улар билан танишиб, қўл қўйиб чиқиши керак бўларди.
Ёки бўлмаса, ҳужжатларни бошқа раҳбарлар билан келишиш, масалан, вазирга ҳужжат киритишдан олдин вазир ўринбосарлари билан, котибият, бошқармалар билан келишишлар ҳам анчагина вақт олган. Бизнинг электрон ҳужжат айланиш тизимимиз ёрдамида бу жараёнлар анча енгиллашди. Бугун ҳужжат раҳбарни кутиб ўтирмайди”, дейди компания бош директори ўринбосари Фаррух Саидмуродов.
Unicon Soft МЧЖ томонидан тақдим этилган «Рақамли маҳалла» тизимини ишлаб чиқишдаги асосий мақсадлар — маҳалланинг «еттилиги» фаолиятини рақамлаштириш, уларнинг ишини осонлаштиришга қаратилган. Ҳозир платформа қадамма-қадам жорий этиб борилмоқда. Агар у тўлиқ жорий қилинадиган бўлса, маҳалла раисларининг барча амалиётлари тўлиқ рақамлаштирилади ва уларга келиб тушадиган фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳам осонлашади.
“Фаолиятимиз давомида кўплаб ахборот тизимларимизни ишлаб чиққанимиздан кейин уларни техник қўллаб-қувватлаш ҳам талаб этилди. Чунки чекка ҳудудларда тизимларимиздан фойдаланадиган фойдаланувчиларнинг компьютер саводхонлиги ҳар доим ҳам талабга тўлиқ жавоб бера олмайди.
Шунинг учун Unicon Soft томонидан ишлаб чиқилган ахборот тизимларини ҳудудда, яъни жойларда техник қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашиш мақсадида ҳозирги кунда республиканинг барча туманларида Unicon Soft’нинг техник қўллаб-қувватлаш бўлимлари ташкил қилинган”, дейди Шерзод Ҳабибуллаев.

Дарҳақиқат, бугунги кунда республиканинг 14 та ҳудуди ва 208 та туман (шаҳар)да Unicon Soft МЖЧнинг ҳудудий филиаллари фаолият юритмоқда. Бу эса унга давлат даражасидаги лойиҳаларни фақат марказда эмас, балки жойларда ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлаш, техник хизмат кўрсатиш ва тизимларни доимий назоратда ушлаб туриш имконини бермоқда.
“Ҳозир 40 мингга яқин ташкилотни электрон ҳужжат алмашинуви тизимига улаганмиз ва 200 мингга яқин фойдаланувчи айни пайтда бу тизимдан фойдаланиб келмоқда. Айнан электрон ҳужжат алмашинуви тизимига 600 га яқин ходимни сафарбар қилганмиз. Бундан ташқари, «Рақамли маҳалла» ва «Ҳуқуқшунос» ахборот тизимларимизга 200 га яқин ходимларни бириктирганмиз”, дейди компания бош директори ўринбосари Саидакром Музаффаров.
“Ўзбекистонда IT-компаниялар жудаям кўп. Unicon Soft’дан катта ва ходимлар сони кўп компаниялар ҳам талайгина. Лекин аксариятининг бизнес моделлари, яъни бошқаруви марказдан туриб, яъни Тошкентдан туриб бошқаришга қаратилган. “Unicon Soft” МЧЖнинг энг чекка ҳудудларда ҳам бўлган бизнинг техник қўллаб-қувватлаш марказларимизнинг жорий этилганлиги шу ахборот тизимларини самарали техник қўллаб-қувватлаш ва ўша фойдаланувчиларга доимий, тезкор ёрдам бериш бўйича қулай бўлган, деб ўйлайман”, дея таъкидлайди Шерзод Ҳабибуллаев.
Unicon Soft ҳозирда нафақат ички бозорда фаол, балки ташқи бозорларга ҳам чиқмоқда. Хусусан, компания шу вақтга қадар ўз маҳсулотларини хорижий давлатларга экспорт қилишни ҳам бошлаган. Бу борада ўндан ортиқ мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Ҳозирги кунга келиб “Unicon Soft” МЧЖ Хитой Халқ Республикасидаги бир қанча компаниялар билан ҳамкорликда электрон қурилмаларни ишлаб чиқиш ва бу орқали экспорт билан шуғулланиш ҳамда маҳаллий бозорда янги иш ўринларини яратиш устида иш олиб бормоқда.
Бир сўз билан айтганда, “Unicon Soft” МЧЖ рақамли бошқарувдаги ғоялари ва амалиётлари билан Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига ҳисса қўшмоқда. Компаниянинг лойиҳалари орқали давлат бошқаруви самарадорлиги ва шаффофлиги янги поғонага кўтарилди. Демак, рақамли Ўзбекистон ғояси энди орзу эмас, балки кундан-кунга амалга ошиб бораётган воқеликдир.