Жаҳон | 20:16 / 21.10.2025
3936
3 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ мамлакатлари Россия активларини Украинага бериш бўйича келишиб олди

Аммо бу режа қачон амалга оширилиши – номаълум.

Фото: Sean Gallup / Getty Images

Европа Иттифоқи давлатлари Россиянинг музлатилган активларини Украинага ўтказиш бўйича сиёсий келишувга эришди. Бу ҳақда Politico ёзмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи собиқ вакилларининг 20 октябр куни бўлиб ўтган учрашувида шундай келишувга эришилган. Унинг якунлари бўйича ҳужжат лойиҳаси тайёрланган, унда Еврокомиссияга Россия маблағларини олиб қўйиш бўйича ишларни бошлаш таклиф қилинмоқда. Расмий равишда ушбу ҳужжат Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари томонидан тасдиқланиши керак, бу 23 октябр куни бўлиб ўтадиган Умумевропа саммити чоғида содир бўлиши кутилмоқда.

Дипломатлардан бири келишилган матнни Еврокомиссияга активларни мусодара қилиш тартибини бошлаш учун «сиёсий рухсат» деб атади.

Шу вақтгача режага Белгия тўсқинлик қилиб келган, Россиянинг музлатилган активларининг катта қисми сақланадиган Euroclear депозитарийси ушбу мамлакат ҳудудида жойлашган. Брюссел Россиянинг эҳтимолий суд даъволаридан хавотирланган ва Европа Иттифоқининг қолган давлатларидан Белгия бу даъволар қаршисида ёлғиз қолмаслигига кафолат талаб қилганди.

Янги режада эса бундай кафолатлар берилган эди, шунинг учун Белгия розилик берди. Politico нашри ёзишича, жараён ҳар қандай ҳолатда ҳам узоқ ва мураккаб бўлади, чунки якуний схемани Европа Иттифоқининг барча мамлакатлари ҳукуматлари билан қайта келишиш керак.

Politico таъкидлаганидек, Россиянинг музлатилган активларини олиш Украина учун «экзистенциал лаҳза» ҳисобланади. Украина яқин икки йил ичида 60 миллиард долларлик бюджет тақчиллигига дуч келиши мумкин. Вашингтон томонидан молиявий ёрдамнинг қисқариши фонида Европа расмийлари активларнинг Киевга ўтказилишини Украинанинг Россия билан музокаралардаги позициясини мустаҳкамлаш учун «сўнгги имконият» деб атамоқда.

Bloomberg бир кун аввал манбаларга таяниб, АҚШ Доналд Трамп ва Владимир Путин ўртасида бўлиб ўтадиган учрашув фонида Россия активларини Украинага ўтказиш режасини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилганди.

Россия пулларини Киевга топширишнинг дастлабки режаси Еврокомиссия томонидан сентябр ойида тақдим этилган эди. Украина Россиянинг блокланган активлари ҳисобидан 140 миллиард евро миқдорида кредит олиши тахмин қилинмоқда. Киев бу кредитни фақат уруш тугаганидан кейин ва Россия товон тўлаши шарти билан тўлаши керак бўлади.

Брюсселдагилар маблағларни беришни «экспроприация» (ўзлаштириш) деб ҳисоблашдан бош тортишмоқда ва Россия товон тўлаган тақдирда уларни қайтариб олиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид