Иқтисодиёт | 19:55 / 22.10.2025
4333
4 дақиқада ўқилади

Олтин сотуви 9,9 млрд долларга етди, бензин импорти ошиб боряпти – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи 

2025 йилнинг 9 ойида Ўзбекистоннинг савдо айланмаси БАА, Ҳиндистон ва Афғонистон билан кескин яхшиланган бўлса, Туркманистон, Жанубий Корея ва Туркия билан сезиларли пасайиш кузатилган. Ҳисобот даврида 9,9 млрд долларлик олтин сотилди. Бу мутлақ рекорд кўрсаткичдир. Ўзбекистоннинг асосий экспорт бозори Россия бўлиб қоляпти. Умумий импортнинг 30 фоизи Хитойдан амалга оширилган.

Фото: Shutterstock

2025 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 59,8 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 11,1 млрд долларга ёки 22,9 фоизга кўп.

Бунда экспорт ҳажми 26,7 млрд доллар (+33,3 фоиз), импорт ҳажми эса 33,1 млрд доллар (+15,6 фоиз) бўлган. Ташқи савдо салбий сальдоси эса 6,4 млрд долларгача қисқарган.

Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Хитой (19,1 фоиз), Россия (15,7) Қозоғистон (5,8 фоиз), Туркия (3,6 фоиз) ва Жанубий Корея (2,2 фоиз) билан қайд этилган.

Дастлабки 9 ойликда ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, йирик ҳамкор давлатлардан  Туркманистон (-18,1 фоиз), Жанубий Корея (-12,5 фоиз), АҚШ (-7,7 фоиз) ва Туркия (-2,2 фоиз) билан савдо айланмаси миқдори қисқарган. Қолган 17 та давлат билан умумий савдо ҳажми сезиларли даражада кўпайган. Хусусан, БАА (+96,7 фоиз), Нидерландия (+59,5 фоиз), Афғонистон (+50,8 фоиз) ва Ҳиндистон (+39,4,3 фоиз) каби давлатлар билан умумий савдо ҳажмида катта ўсиш қайд этилган.

Экспорт

Ҳисобот даврида 9,9 млрд долларлик (+70,9 фоиз) олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 37,1 фоизини ташкил этади. Шунингдек, экспорт таркибида саноат товарлари (10,7 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (7,7 фоиз), кимёвий воситалар (5,7 фоиз), турли хил тайёр буюмлар (4,7 фоиз) ва минерал ёқилғилар (4,2 фоиз) ҳам сезиларли улушга эга бўлган.

Ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар Россия (12,2 фоиз), ХХР (5,2 фоиз), Қозоғистон (4 фоиз), Афғонистон (3,8 фоиз), Туркия (3,1 фоиз), Франция (2,6 фоиз), БАА (2,1 фоиз), Қирғиз Республикаси (1,6 фоиз), Тожикистон (1,5 фоиз) ва Покистон (1,1 фоиз) каби давлатлар бўлган. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 37,2 фоизни ташкил этади.

Январь-сентябрь ойларида 546 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,4 фоизга кўп. Бундан ташқари, 456 млн долларлик нефть ва нефть маҳсулотлари (-1,1 фоиз), 115 млн долларлик электр токи (+55,1 фоиз) экспорти ҳам амалга оширилган.

Ҳисобот даврида қарийб 220 млн долларлик автомобиль ва унинг эҳтиёт қисмлари сотилган. Бу 2024 йилга нисбатан 23,8 фоизга кам.

Импорт

Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (33,9 фоиз), саноат товарлари (15,9 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,3 фоиз) ҳисобига тўғри келган. Умумий импортнинг 2/3 қисми 7 та давлатдан амалга оширилган:

  • Хитой – 30,3 фоиз;
  • Россия – 18,6 фоиз;
  • Қозоғистон – 7,3 фоиз;
  • Туркия – 4 фоиз;
  • Жанубий Корея – 3,8 фоиз;
  • Германия – 2,6 фоиз;
  • Ҳиндистон – 2,5 фоиз.

Ҳисобот даврида 932 млн долларлик газ сотиб олинган, бу ўтган йилги кўрсаткичнинг 70,3 фоизини ташкил этади. Шунингдек, 1 млрд 149 млн долларлик бензин импорт қилинган.

Тайёр автомобиль олиб кириш ҳам сезиларли даражада қисқариб кетган. Жумладан, январь-август ойлари давомида 807 млн долларлик (-18,1 фоиз) машина импорт қилинган. Ўз навбатида, автомобиллар қисмлари ва анжомлари импорти 40,8 фоизга ошиб, 1 млрд 287 млн долларга етган.

Мавзуга оид