Жаҳон | 22:03 / 24.10.2025
3386
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон 2027 йилгача TAPI орқали Афғонистонга газ етказиб беришни режалаштирмоқда

Туркманистон - Афғонистон - Покистон - Ҳиндистон (TAPI) газ қувури Туркманистоннинг «Галқиниш» конидан йилига 33 миллиард куб метргача газ ташишга мўлжалланган.

Фото: Turkmenportal

Туркманистон 2027 йил бошига қадар «Туркманистон - Афғонистон - Покистон - Ҳиндистон» (TAPI) газ қувури орқали Афғонистонга табиий газ етказиб беришни бошламоқчи. Бу ҳақда TAPI Pipeline Company Limited бош директори Муҳаммадмурот Аманов «Туркманистон нефть ва гази - 2025» халқаро конференцияси ва кўргазмасида маълум қилди.

«Афғонистондаги қувур участкасига келсак <...> Бизнинг режамиз, мақсадимиз - кейинги йил охиригача қурилиш ишларини якунлаш ва келгуси йил охирида ёки 2027 йил бошида газ етказиб беришни бошлаш», деди Аманов.

Шунингдек, у лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган асосий келишувларни имзолаш бўйича Покистон билан музокаралар жараёни ҳақида маълумот берди.

«Биз Покистоннинг келажакдаги сармояларни ҳимоя қиладиган ва инвесторлар ва молия институтларига, масалан, барча ҳукумат идоралари, газ ташиш агентликлари ва бошқа зарур келишувларга ишонч бағишлайдиган асосий келишувларни имзолашда иштирок этиши устида ишлаяпмиз», деди у.

Аманов сўзларига кўра, музокаралар якунланиш арафасида - ишларнинг 90 фоиздан ортиғи бажарилган. Ушбу босқични 2026 йилнинг биринчи ярмида якунлаш режалаштирилган.

Туркманистон - Афғонистон - Покистон - Ҳиндистон (TAPI) газ қувури Туркманистоннинг «Галқиниш» конидан йилига 33 миллиард куб метргача газ ташишга мўлжалланган. Лойиҳага кўра, Афғонистонга 5 млрд куб метр, Покистон ва Ҳиндистонга 14 млрд куб метрдан етказиб берилади.

Бугунги кунда газ қувурининг 214 км узунликдаги Туркманистон участкаси қурилиши якунланди. 2024 йил сентябрь ойида узунлиги 153 км бўлган Афғонистоннинг Сарҳадобод - Ҳирот участкасини қуриш ишлари бошланди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид