Жаҳон | 07:24 / 25.10.2025
3537
4 дақиқада ўқилади

Starship’ни Уранга учириш таклиф қилинди

Ҳозирги режаларга кўра, Уранга янги миссияни 2030-йиллар бошида йўлга қўйиш керак, аммо ўша вақтгача зондни қуриб, тайёрлашга улгуриш кечикиши мумкин. Бу ҳатто яхшироқ ечимга айланиши мумкин: олимлар ҳозир синовдан ўтаётган янги Starship космик тизимидан фойдаланиб, музли гигантга парвоз қилиш вариантни кўриб чиқмоқда. У анъанавий схемага нисбатан Уранга бир неча йил тезроқ етиб бориши мумкин.

«Вояжер-2» зонди 1986 йил 24 январда Урандан 81,5 минг километр масофада парвоз қилган — бу ҳозиргача ушбу сайёрани яқиндан кузатган ягона ҳолатдир. Ўшанда қатор илгари номаълум йўлдошлар ва ҳалқалар топилган, энг муҳими — ҳанузгача изоҳи қийин бўлган айрим хусусиятлар аниқланган.

Масалан, Ураннинг магнит майдони фақат марказидан силжигандек эмас, балки айланиш ўқига нисбатан қаттиқ эгилиб ҳам туради. Бу ҳолат сайёранинг ўзига хос катта бурчаги («Уран ёнбошлаб ётиши») билан қўшилгач, мураккаб манзара пайдо қилади. Бундан ташқари, ўшанда Уранда ички иссиқлик аниқланмаган — бу ҳам ғалати. Ниҳоят, айрим йўлдошлари қаърида муз остидан океанлар мавжудлиги тахмин қилинади.

Уран ва унинг тизимига оид ўн йиллар давомида тўпланган саволларни очиқлаштириш учун Uranus Orbiter and Probe миссияси концепцияси ишлаб чиқилган. У сайёрага бир вақтнинг ўзида икки космик аппарат юборишни назарда тутади: бири Уран йўлдошига айланади, иккинчиси эса унинг атмосферасига тушиб, у ердан маълумот тўплайди.

Бугунги режага кўра, уларни 2031–2032 йилларда Falcon Heavy ракетаcида учириш, қўшимча тезланиш учун Юпитер ёнида гравитацион манёвр ўтказиш ва 2044–2045 йилларда Уранга етиб бориш назарда тутилган. Бироқ бундай сценарий белгиланган муддатларда амалга ошмаслиги эҳтимоли бор: зондлар ҳали «лойиҳа» босқичида. Келаси ўн йиллик бошигача уларни тайёрлаш кечикиши мумкин, бу эса Юпитер гравитациясидан фойдаланиш имкониятини йўқотишни англатади: кейинги стартда у аппаратлар траекториясидан «четга чиқиб кетади».

Бу бутун миссияни жиддий чўзади. Зондлар фақат 2050-йилларда Уранга етиб боради. Олимлар эса аср ўртасигача улгуришни истаяпти: 2049–2050 йилларда сайёранинг шимолий ярмида баҳорги тенг кун-тун бошланади ва фасллар алмашинишини яқиндан кузатиш жуда қизиқ бўлади.

Айниқса, NASA бюджети қисқартирилиши фонида ҳолат мутлақо умидсиздек туюлди. Шу билан бирга, сўнгги йилларда музли гигант тадқиқотчиларида янги умид пайдо бўлди: у Илoн Маскнинг SpaceX компанияси Марсга пилотли парвозлар учун ишлаб чиқиб, синовдан ўтказаётган Starship космик тизими билан боғлиқ. Уни Уранга зонд юборишда қандай ишга солиш мумкинлиги ҳақида Массачусетс технология институти мутахассислари АҚШдаги IEEE Aerospace конференциясида тақдим этилган яқиндаги мақолада сўзлаб берди.

Олимларнинг айтишича, Уранга парвоз учун Starship’нинг энг муҳим хусусиятларидан бири — космосда қайта ёнилғи қуйиш имкони. «Бўш» кема орбитага чиқарилади, сўнг унга худди шундай, ёнилғига тўла кемалар юборилади. Улар навбатма-навбат асосий кемага туташиб, унга ёнилғи етказиб беради. Шундан кейин Starship Қуёш тизими бўйлаб саёҳатга тайёр бўлади.

Ҳисоб-китоблар кўрсатдики, шунинг ҳисобига Юпитер яқинидан гравитацион тезланишсиз ҳам учиб ўтса бўлaди: еттита–тўққизта қайта ёнилғи сеансидан сўнг Starship ўз кучига таяниб, кўпи билан 10 йилда Урангача етиб бора олади. Бориб етгандан кейинги ҳаракатлар бўйича учта сценарий муҳокамада. Уларнинг бирида зонд ажралиб чиққанидан сўнг керакли орбитага мустақил чиқади, қолган иккита сценарийда бу ишни Starship ўзи амалга оширади.

Демак, кема атмосферада тормозланиши керак бўлади. Буни двигателлар ёрдамида қилиш мумкин, аммо ёнилғи сарфи катта чиқади. Шунинг учун яна бир, жуда жасур усул бор — кеманинг корпуси билан тормозланиш: атмосферага ишқаланиб, охир-оқибат тезлик пасаяди. Бу схема аэроушлаш деб аталади. У хавфли, бироқ фойдали: атиги етти йилда Уранга олти тоннагача фойдали юк етказиб бериш мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид