Ҳиндистоннинг Сатиш Дхаван номидаги космодромидан 17 май куни ISRO (Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти) учун Ерни масофадан зондлашга мўлжалланган EOS-09 радиолокацион сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқиши керак бўлган PSLV-XL ракета-ташувчиси учирилди. Аммо сунъий йўлдош мақсадга ета олмади: стартдан тахминан олти дақиқа ўтгач, ракета учинчи босқичида носозлик юз берди ва аппарат йўқотилди.

Техасдаги Firefly Aerospace компанияси 29 апрел куни Калифорниядаги майдончадан Alpha ракета-ташувчисини учирди — бу унинг олтинчи парвози эди. Бортида Lockheed Martin учун технологик демонстрацион фойдали юк бор эди. Юқори босқич тахминан 320 километр баландликка кўтарилди, аммо поғоналар ажралиб чиққанидан кўп ўтмай юзага келган муаммо сабаб ракета орбитал тезликка эриша олмади ва фойдали юк йўқотилди.

Firefly носозлик сабабини аниқлади ва Alpha’ни қайта парвозларга қайтаришга тайёргарликни бошлади. Бироқ 29 сентябр куни компания янги муваффақиятсизликка учради: Flight 7 миссиясининг биринчи босқич тезлаткичи синов пайтида портлаб кетди. Сабаб сифатида интеграция жараёнидаги “технологик жараён хатоси” кўрсатилди.

Хитойнинг Landspace стартапи ишлатадиган икки босқичли Zhuque-2 ракета-ташувчиси 14 август куни мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги Цзюцюан космодромидан олтинчи парвозини амалга оширар экан, аварияга учради. Компания бортда қандай фойдали юклар бўлганини ошкор қилмади. Бу Zhuque-2 учун иккинчи омадсизлик эди.

Тахминан уч ой ўтгач, Хитойда яна бир авария содир бўлди: 9 ноябр куни Galactic Energy компаниясининг Ceres-1 ракета-ташувчиси Цзюцюандан учирилди. У иккита тижорий Ерни кузатиш сунъий йўлдоши ва Хитой университети томонидан яратилган яна бир аппаратни олиб кетaётган эди. Илк уч босқич штат режимида ишлади, аммо тўртинчи, якунловчи босқичда аномалия юз бериб, миссия ҳалокатга учради.

Японияда ҳам омадсизлик бўлди — йил якунланишига бор-йўғи ўн кун қолганда. 21 декабр куни H3 ракета-ташувчиси Michibiki-5 навигацион сунъий йўлдошини учириш пайтида иккинчи босқичда муаммога дуч келди. Аппарат ҳисобланган орбитага чиқарилмади ва Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги (JAXA) сунъий йўлдош йўқотилганини эълон қилди.

Германиянинг Isar Aerospace компанияси 30 март куни Норвегиядаги Аннёйа космодромидан Spectrum ракета-ташувчисини учирди. Бу Spectrum’нинг биринчи старти эди. Парвоз жуда қисқа бўлди: 18 сониядан кейин ракета йўналишдан чиқди, йўналишни йўқотди ва старт мажмуаси яқинига қулади, қишки манзара кўзни қамаштирувчи ёрқин апелсинранг олов шари билан ёритиб юборилди.