Жаҳон | 21:36 / 25.10.2025
5739
2 дақиқада ўқилади

Трамп «Олтин флот» яратмоқчи

АҚШ замонавий таҳдидларга самарали қарши тура олиши учун ўз флотини янгилашни истайди. Режалар йирик кемалар ва корветлар сонини кўпайтириш ва уларни дронлар билан тўлдиришни ўз ичига олади.

Фото: Saul Loeb/AFP/Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ ҳарбий флотини янгиламоқчи, у «Олтин флот» деб номланади, деб хабар берди The Wall Street Journal (WSJ) манбаларга таяниб.

«Олтин флот» Хитой таҳдидларига қарши тура олиш қобилиятига эга бўлиши керак. Режа ҳозирча дастлабки муҳокама босқичида ва Трамп унда бевосита иштирок этмоқда, деди газета суҳбатдошлари.

Тахминларга кўра, янги флот таркибида анча кучли узоқ масофали ракеталарга эга бир қатор йирик жанговар кемалар ва корветлар каби кичикроқ кемалар бўлади. Бундан ташқари, фрегатларнинг янги синфи, жумладан, уларни гипертовушли ракеталар билан қуроллантириш имконияти устида иш олиб борилмоқда.

Муҳокамаларда иштирок этаётган истеъфодаги денгиз зобити Брайан Кларкнинг айтишича, АҚШ тахминан 280-300 та кема ва кўплаб учувчисиз кемалардан иборат флотга эътибор қаратишни режалаштирмоқда. Дронлар билан биргаликда катта ва кичик кемалардан фойдаланадиган модель замонавий таҳдидларга қарши курашиш учун кўпроқ мос келади. Ҳозирги флот уларга қарши курашда қийинчиликларга дуч келмоқда - бу, масалан, Қизил денгизда ҳусийларнинг ҳужумларини қайтаришда кўриниб қолди, деди Кларк.

Унинг сўзларига кўра, катта ҳажмдаги кемаларни Трампнинг президентлик муддати тугагунига қадар қуришнинг имкони бўлмаса-да, корветлар қурилиши мумкин.

АҚШ президенти сентябрь ойи охирида денгиз флотининг баъзи кемалари ўзига ёқмаслигини айтди - у уларни «хунук», ўзини эса «жуда эстетик одам» деб атади.

Трамп, шунингдек, 2026 йилда АҚШ 19 та янги ҳарбий кемага эга бўлишини ва унинг маъмурияти «Олтин гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизими лойиҳасини ишга туширганини эслатди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид