Ўзбекистон | 21:00 / 27.10.2025
16949
13 дақиқада ўқилади

Муаммолар гирдобидаги Тошкент. Ечим борми?

Тошкентда ҳаво ифлосланиши ЖССТ нормасидан 6 баробар юқори. Яшил ҳудудлар майдони 6 йилда 34 фоиздан 13 фоизгача камайган. Электр тармоқларининг 26 фоизи авария ҳолатида. Сўнгги саккиз йил ичида автомобиллар сони деярли икки баравар кўпайган бўлса, йўл тармоғининг узунлиги қисқарган. Сув таъминотидаги қувурларнинг 60 фоизи эскирган. 2024 йилдаги 14,8 млн тонна чиқиндининг атиги 6 фоизи қайта ишланган. Бу муаммоларни ҳал қилиш мумкинми?

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон бугунги кунда жадал урбанизация даврини бошдан кечиряпти. Бу айниқса жиҳатдан асосий маъмурий тузилмалар, университетлар, шунингдек, саноат ва маданият марказлари жойлашган пойтахтда жиддий сезиляпти.

«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти Жамшид Шариповнинг таҳлилларига кўра, бундай ҳолат табиий равишда Тошкентни ички миграция «магнити»га айлантиради, бу эса демографик босимни кучайтиради ва уй-жой, транспорт, энергия ва коммунал хизматларга бўлган эҳтиёжнинг тез ўсишига олиб келади. Бироқ, инфратузилма аҳоли ўсиш суръатларидан ортда қоляпти.

Халқаро ташкилотлар сўнгги тадқиқотларида шунга ўхшаш номутаносибликларга эга шаҳарлар сурункали тирбандликлар, энергия узилишлари, экологик вазиятнинг ёмонлашуви ва ҳаёт сифатининг пасайишига дуч келишини қайд этган.

Ўзбекистонда шаҳарлар ривожланишининг ҳолати

Ўзбекистонда урбанизация тенденцияси сақланиб қолмоқда: 2025 йил 1 июл ҳолатига кўра, 19,3 миллиондан ортиқ киши (аҳолининг қарийб 51 фоизи) шаҳарларда, 18,6 миллион киши эса қишлоқ жойларда яшайди, бу эса аҳолининг барқарор ўсиши ва қишлоқ жойлардан кўчишнинг давом этаётганини акс эттиради. Тошкент шаҳрида расман 3,1 миллион аҳоли рўйхатга олинган, бироқ мигрантлар ва талабаларни ҳисобга олганда, кунлик аҳолининг ҳақиқий сони бу рақамдан 30-35 фоизга ошиши мумкин. Бу йўл-транспорт тизими, энергетика ва коммунал тармоқларга юкламани кескин оширяпти.

Бунда таълим инфратузилмасига алоҳида эътибор қаратиш лозим, чунки мамлакатдаги 222 та олий ўқув юртининг 98 таси Тошкент шаҳрида жойлашган. Бундай нотекис тақсимот пойтахтга ёшларнинг оммавий оқимига олиб келади, бу эса уй-жой, транспорт ва шаҳар хизматларига юкламани янада оғирлаштиради.

Яна бир омил — мавжуд сув, электр ва газ таъминоти тармоқларидаги юкламани етарли даражада таҳлил қилмасдан, кўп қаватли уйларни фаол қуриш. Бу эса айниқса истеъмол энг юқори бўлган пайтларда коммунал хизматларда тез-тез узилишларга олиб келяпти.

Асосий муаммолар

Транспорт. Тошкентнинг энг долзарб муаммоларидан бири тирбандликлар. Тиғиз соатларда ўртача йўл вақти 50-60 дақиқадан ошади. Сўнгги саккиз йил ичида автомобиллар сони деярли икки баравар кўпайди, йўл тармоғининг узунлиги эса 0,5 фоизга қисқарган. Бу, ўз навбатида, номутаносибликни келтириб чиқаради ва магистралларга сурункали ортиқча юкламани юзага келтиради. Автотураргоҳларнинг етишмаслиги, жамоат транспортининг заиф ривожланиши ва «охирги миля» учун интеграциялашган ечимларнинг йўқлиги қўшимча равишда вазиятни мураккаблаштиради.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2040 йилга бориб дунё аҳолисининг қарийб 60 фоизи шаҳарларда яшайди, юк машиналари, енгил автомобиллар ва ҳаво транспорти сони икки баравар кўпаяди, чиқиндилар ҳажми эса ўсиб боради. Натижада, миллионлаб одамлар бевосита (авариялар натижасида) ва билвосита (чиқиндилар туфайли) йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлади.

Жаҳон банки «Promoting Livable Cities by Investing in Urban Mobility» ҳисоботида шахсий транспортдан фойдаланишнинг ўсиши тирбандликларнинг кўпайишига, ҳавонинг ифлосланишига ва иш ўринлари ҳамда ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг пасайишига олиб келаётганини қайд этган.

Энергетика. Энергия таъминоти энг жиддий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Бош прокуратура томонидан 2025 йил ёзида ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, Тошкент шаҳрида 2540 километрдан ортиқ (26 фоиз) электр тармоқлари авария ҳолатида бўлиб, подстанцияларнинг бир қисми модернизация ёки қувватни оширишни талаб қилади. Бундан ташқари, авария бригадаларининг етишмаслиги, эскирган ускуналар ва кадрлар қўнимсизлиги вазиятни янада оғирлаштирмоқда: фақат сўнгги уч йил ичида тизимдаги ходимларнинг қарийб 30 фоизи, шу жумладан эксплуатация хизматлари мутахассислари ишдан кетган. Бу истеъмол энг юқори бўлган даврда электр энергияси таъминотида узилишлар ва шаҳар инфратузилмасининг барқарорлиги пасайишига олиб келади.

Осиё тараққиёт банки ўзининг «Harnessing Uzbekistanʼs Potential of Urbanization: National Urban Assessment» ҳисоботида таъкидлашича, Ўзбекистон шаҳарлари бугуннинг ўзидаёқ инфратузилма тақчиллиги, иқлим ва экологик хавф-хатарлар, айниқса, унча катта бўлмаган ва ўрта шаҳарларда сифатли шаҳар хизматларининг етишмаслигини бошдан кечирмоқда.

Экология. Тошкент шаҳрида экологик вазият йилдан йилга ёмонлашиб бормоқда. Шаҳарда PM 2,5 нинг ўртача йиллик концентрацияси ЖССТнинг ўртача йиллик кўрсаткичидан олти баробар юқори. Шу билан бирга, ифлосланишнинг асосий манбалари — бу иссиқлик таъминоти тизими (≈28 фоиз), транспорт (≈16 фоиз), саноат (≈13 фоиз) ва ёз фаслида асосий ўрин тутадиган трансчегаравий шамол чангларидир (≈36 фоиз).

Шуни таъкидлаш керакки, назоратсиз қурилиш ва яшил майдонларнинг қисқариши шаҳарнинг чанг ва иссиқлик ороллари билан курашиш қобилиятини пасайтиради. Сунъий йўлдошдан олинган NDVI (ўсимлик қоплами фарқларининг стандартлаштирилган индекси) суратларига кўра, атиги олти йил ичида шаҳардаги ўсимлик қоплами майдони 34,6 фоиздан 13,1 фоизга камайган. Шу билан бирга, халқаро стандартларга кўра, шаҳардаги яшил майдонларнинг минимал меъёри ҳудуднинг камида 25 фоизини ёки битта яшовчига 9 квадрат метр яшил ҳудудни ташкил этиши керак.

Сув таъминоти. Тошкент аҳолиси учун сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар тобора сезиларли бўлиб бормоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, шаҳар ичимлик суви тармоқларининг қарийб 60 фоизи эскирган, қувурларнинг катта қисми 40-50 йилдан ортиқ ишлатилган, бу эса тез-тез авариялар, сув сизиб чиқиши ва сифатининг ёмонлашишига олиб келмоқда.

Жаҳон банкининг «Uzbekistan Infrastructure Governance Assessment» ҳисоботида таъкидланишича, сувнинг катта қисми сизиб чиқишлар, ноқонуний уланишлар ва ҳисобга олиш тизимининг заифлиги туфайли йўқотилмоқда. Тармоқларга хизмат кўрсатиш ва янгилаш учун маблағ етишмаслиги авариялар хавфини оширади ва хизматлар сифатини пасайтиради. Қайтмас сув муаммолари (оқиб кетиш, паст босим, заиф бошқарув) сув таъминоти тизимларининг барқарорлигига путур етказади. Буларнинг барчаси биргаликда асосий коммунал хизматлардан фойдаланиш имкониятини пасайтиради ва аҳоли саломатлигига хавф туғдиради.

Чиқиндиларни бошқариш. Қаттиқ маиший чиқиндилар билан ишлаш тизими етарли даражада ривожланмаган. Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда қаттиқ маиший, суюқ ва қурилиш чиқиндилари ҳажми ўсиши давом этди, бу эса уларни тўплаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтиришни талаб қилади, чиқиндилар таркибида пластикнинг улуши 10 фоизга яқинлашмоқда, бироқ қайта ишлаш корхоналарининг қувватлари чекланган.

2024 йилда мамлакатда 14,8 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган, шундан атиги 900,5 минг тоннаси ёки 6,1 фоизи қайта ишланган. Маиший чиқиндиларнинг тўртдан бир қисмини қоғоз, пластмасса, резина, шиша, тўқимачилик қолдиқлари ташкил этади. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида йилига 700 минг тонна чиқиндининг атиги 18 фоизи қайта ишланади. Чиқиндиларни алоҳида йиғиш даражаси ҳам жуда пастлигича қолмоқда, бу эса иккиламчи қайта ишлаш имкониятларини пасайтирмоқда ва чиқинди полигонларининг юкламасини оширяпти.

Муаммоларни қандай ҳал этиш мумкин?

Шаҳар ривожланишининг долзарб муаммолари таҳлилидан келиб чиқиб, шунингдек, «Ўзбекистон-2030» стратегиясининг ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва урбанизация даражасини 51 фоиздан 60 фоизга етказиш бўйича мақсадларини тўлиқ амалга оширишни таъминлаш мақсадида «Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти томонидан дунёнинг етакчи шаҳарларида ўз самарадорлигини исботлаган ва Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари шароитига мослаштириш мумкин бўлган инновацион чора-тадбирлар мажмуаси таклиф этиляпти. Ушбу тавсияларда рақамли технологиялар, номарказлаштирилган бошқарув моделлари ва «яшил» амалиётларни бирлаштириб, шаҳар муҳитининг барқарорлигини таъминлайдиган тизимли ечимлардир.

Транспорт. Тошкент шаҳрида сурункали тирбандликлар муаммосини «Мобиллик хизмат сифатида» (Mobility-as-a-Service, MaaS) концепциясини жорий этиш орқали ҳал қилиш мумкин. Бундай тизим аллақачон Хелсинкида муваффақиятли ишламоқда, у ерда метро, автобуслар, таксилар, каршеринг ва велосипедларни ягона рақамли платформага бирлаштириш атиги икки йил ичида шахсий автомобиллардан фойдаланишни 12 фоизга камайтириш имконини берган.

Яна бир йўналиш — ҳаракатни бошқаришнинг интеллектуал тизимларини қўллаш, жумладан, реал вақт режимида йўл ҳаракатини кузатиш ва башорат қилиш, интеллектуал светофорларни бошқариш, сунъий интеллект ёрдамида трафикни башорат қилиш ва интеллектуал автотураргоҳ ечимлари. Хитойнинг аҳоли зич жойлашган мегаполисларида, масалан, Шанхайда сунъий интеллектга (СИ) асосланган ҳаракатни бошқариш технологияларини жорий этиш тирбандликларни 18 фоизга камайтириш ва ўртача саёҳат вақтини 9 дақиқага қисқартириш имконини берган.

Шанхайда тиғиз вақтларда ҳаракат тезлигининг ўзгариши (СИ асосидаги ҳаракатни бошқариш технологиялари жорий этилишидан олдин ва кейин)

Тошкент шаҳрида шунга ўхшаш ечимларни мослаштириш 2030 йилга бориб йўллардаги тирбандлик даражасини 20-25 фоизга камайтириш ва тиғиз вақтларда ўртача ҳаракатланиш вақтини ҳозирги 60 дақиқадан 45 дақиқагача қисқартиришга ёрдам беради.

Энергетика. Шаҳарларда энергия таъминоти барқарорлигини ошириш учун виртуал электр станциялари (VPP) ва маҳаллий микротармоқлар каби номарказлаштирилган ечимлардан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Германияда Next Kraftwerke лойиҳаси 15 мингга яқин кичик энергия манбаларини ягона тармоққа бирлаштирди, бу эса энергия таъминоти барқарорлигини оширди. Next Kraftwerke компаниясининг ўзига хос хусусияти шундаки, қурилмалар қувватни бирлаштириш орқали VPP йирик марказий электр станциялари ёки саноат истеъмолчилари билан бир хил хизматларни тақдим этиши, уларни тўплаши ва кейинчалик худди шу бозорларда сотиши мумкин.

Виртуал электр станциялар схемаси Тошкент шаҳри шароитида электр энергияси таъминотидаги узилишларни 30 фоизга камайтириши ҳамда номарказлаштирилган генерация ва юкламани оптималлаштириш орқали 15 фоизгача энергия тежалишини таъминлаши мумкин.

Экология. Экологик вазиятни яхшилаш учун «шаҳарнинг рақамли эгизаги»ни жорий этиш истиқболли восита бўлиши мумкин. Бундай ёндашув транспорт, энергетика ва экологик жараёнларни моделлаштириш, ривожланишнинг турли сценарийлари оқибатларини баҳолаш имконини беради.

«Virtual Singapore» лойиҳаси бунга яққол мисол бўла олади, унда давлат органлари рақамли моделдан — сиёсатни ишлаб чиқиш учун, компаниялар ва стартаплар — шаҳар хизматлари ва атроф-муҳит соҳасида иловалар яратиш учун, тадқиқотчилар эса — шаҳар муҳитининг аҳоли саломатлиги ва иқлим жараёнларига таъсирини таҳлил қилиш учун фойдаланади.

Тошкент учун шунга ўхшаш платформани жорий этиш янада оқилона шаҳарсозлик, яшил ҳудудлар ҳолатини кузатиш ва ҳаво сифатини бошқариш учун асос бўлиши мумкин. «Рақамли эгизак»дан фойдаланиш иссиқлик оролларини самарали башорат қилиш, кўкаламзорлаштириш учун мақбул жойларни аниқлаш ва ифлосланиш даражасини назорат қилиш имконини беради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу 2030 йилга бориб яшил майдонларни 15 фоизга ошириши, шунингдек, аниқроқ режалаштириш ва яшил технологияларни жорий этиш орқали иссиқлик ороллари таъсирини ва PM 2,5 концентрациясини 10-12 фоизга камайтириши мумкин.

Сув таъминоти. Эскирган сув тармоқлари ва катта сув йўқотишлари муаммоларини ҳал қилиш учун Тошкент «ақлли» бошқарув тизимларига ўтиши керак. Хорижий тажриба бундай ечимларнинг юқори самарадорлигини кўрсатмоқда. Жанубий Кореяда Сосан шаҳрида Smart Water Management тизими жорий этилиши босим датчикларини ўрнатиш ва рақамли мониторинг туфайли сув сизиб чиқишини 21 фоизга ва фавқулодда вазиятлар сонини 15 фоизга камайтиришга имкон берди.

Исроилда сув таъминотини марказлаштирилган мониторинг қилиш ва бошқариш тизими дунёдаги энг кам қайтмас сув улушини таъминлайди, 2020 йилги рейтингда Mekorot Water Company сув йўқотиш даражаси 3 фоиздан кам бўлгани сабабли дунёдаги энг яхши коммунал компаниялардан бири сифатида тан олинган, солиштириш учун – ИҲТТ бўйича ўртача кўрсаткич 15 фоизни ташкил этади.

Бундай ечимларни Тошкент шаҳрига мослаштириш сув тармоқлари самарадорлигини ошириш, сизиб чиқишларни 15-20 фоизга камайтириш, авариялар сонини 15 фоизга қисқартириш ва янги турар жой массивларида сувни тенг тарқатиш имконини беради.

Чиқиндиларни бошқариш. Чиқиндиларни қайта ишлаш самарадорлигини ошириш учун замонавий қайта ишлаш мажмуаларини ривожлантириш ва чиқиндиларни алоҳида йиғиш тизимини жорий этиш зарур. Сеул шаҳар маъмурияти ўз олдига 2030 йилгача Жанубий Корея пойтахтини «Нол чиқинди» шаҳарга айлантириш мақсадини қўйган. Тажриба сифатида Сеулнинг 5 та туманида 112 та чиқиндини қайта ишлаш станцияси ўрнатилди, у ерда аҳоли иккиламчи хомашёни ўзи саралайди. Натижада маиший чиқиндилар миқдори 20 фоиздан зиёдга камайди, иштирок этишнинг ўсиб бораётган даражаси туфайли эса йиғилган иккиламчи хомашё миқдори ошган.

Стокголмда маиший чиқиндиларнинг катта қисми иссиқлик ва электр энергиясига қайта ишланади, бу шаҳарнинг иссиқлик таъминотига бўлган эҳтиёжининг тахминан 20 фоизини таъминлайди.

Тошкент шаҳри учун бундай амалиётларни жорий этиш чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 2030 йилга келиб ҳозирги 6-10 фоиздан 35-40 фоизга ошириш, полигонларга юкламани камайтириш ва метан чиқиндиларини камайтириш имконини беради. 

Мавзуга оид