Иқтисодиёт | 21:05 / 28.10.2025
5381
4 дақиқада ўқилади

“Иқтисодий жиҳатдан жуда муҳим келишув” — таҳлилчилар ЕИ билан янги битим ҳақида

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битимини имзолаб, ўзаро муносабатларни янги серқирра босқичга кўтарди. Kun.uz студиясида сиёсий таҳлилчилар бу келишув ўзбекистонликлар учун нима бериши ҳақида сўз юритди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шуҳрат Расул: Бу келишув – оламшумул воқелик. Мустақил Ўзбекистон тарихида Европа билан бундай кенг кўламли ва кўп тармоқли келишув бўлмаган эди. Ўзбекистон бу келишувга эришиш учун 7-8 йил ҳаракат қилди. Битимнинг асосий қисми 2019-2022 йилларда келишиб бўлинган эди, мана энди имзоланганига сабаб шуки, Евроиттифоқ ўз бозорларини очиш учун ҳар бир ҳамкорига ўз шартларини қўяди. Ўзбекистонга ҳам қатор шартлар қўйилган: бу – қонунчиликдаги ўзгаришлар, жамиятдаги инклюзивлик муаммолари, инсон ҳуқуқлари ва бошқалар билан боғлиқ.

Бу шартлар – Европанинг байроғи. Ким Евроиттифоқ бозорига кирмоқчи бўлса, шу шартларни бажариши керак. Ўзбекистон 5-6 йил ичида қўйилган ҳамма талабларни бажарди.

КШҲБ – Ўзбекистон учун иқтисодий жуда муҳим келишув. Келгуси йилларда Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасидаги савдо айланмаси каррасига ошиши керак. Энди гап фақат фойдали қазилмалар эмас, улардан бизга технологиялар кириши керак. Биздан эса хилма-хил товарлар, айниқса электротехника ва IT-маҳсулотлар Европа бозорларига жадал кириб бориши мақсад қилинган.

Камолиддин Раббимов: 2016 йилга қадар Европа Иттифоқи учун Ўзбекистон энг муаммоли давлатлар қаторида эди. 2005 йилдаги Андижон воқеалари сабаб ЕИ Ўзбекистонга нисбатан бир қанча санкциялар қўллаган, Ўзбекистонга қурол-аслаҳа сотиш тақиқланган, бир қатор мутасаддилар Европа Иттифоқига қўйилмас эди. Инсон ҳуқуқлари ва демократия ҳақида гап кетганда, ЕИ Ўзбекистонни доим қора рўйхатга киритар эди. Лекин кейинги йилларда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам берилгани эътироф этилди.

Ўзбекистонликлар учун бу келишув кўп нарса беради. Мамлакатга юқори сифатли товарлар ва технологиялар кириб келиши ортади. Ўзбекистонликлар Европага боришда виза олишини соддалаштириш ҳам кўриб чиқилади. ЕИнинг Ўзбекистонга баҳоси ўзгаряпти, ишонса бўладиган, престижи ошаётган давлатлар қаторида кўра бошлаяпти.

Бугун Коллектив Ғарб иккига бўлинган. Доналд Трамп ҳокимиятга келганидан кейин Америка инсон ҳуқуқлари ва демократия борасида гапирадиган давлат эмас. Мана шу фонда, глобал майдонда инсон ҳуқуқлари, демократия, ҳуқуқий давлатчилик, аёллар ҳақ-ҳуқуқлари борасида энг масъулиятли ҳамжамият – Европа Иттифоқи.

Бектош Бердиев: Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими хавфсизлик ва барқарорлик масалаларини ҳам қамраб олади. Европа Иттифоқи Марказий Осиёда Россия ва Хитой гегемонлигининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Камолиддин айтганидек, бир пайтлар Ўзбекистонга қурол сотиш тақиқланган эди, бу тақиқларнинг олиб ташланиши билан Ўзбекистон энди ЕИ билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиши мумкин. Мана, бу битим бизга нима беради.

Қолаверса, инсон капиталини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар очилади. Таълим, соғлиқни сақлаш ва ишчи кучи миграцияси билан боғлиқ лойиҳалар кенгаяди. Ўзбекистон – 38 миллионга етган ва жуда тез ўсаётган аҳолига эга, ана шу аҳолимизнинг малакасини ошириш ва Европага ишга жалб қилиш масалалари ҳам бор.

Мавзуга оид