Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ Мексикага 5 млрд евро инвестиция киритади
Европа Иттифоқи ва Мексика ўн йил давом этган музокаралардан сўнг янгиланган савдо ва ҳамкорлик битимини имзолади. Янги келишув доирасида Мексика Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган товарларга қўйилган деярли барча божларни бекор қилади.
Фото: picture alliance
Мехикода бўлиб ўтган учрашувда Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳамда Мексика президенти Клаудия Шейнбаум иштирок этди. Антониу Кошта ҳозирги геосиёсий вазиятда икки томонлама ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини таъкидлади.
Келишувга мувофиқ, нафақат божлар бекор қилинади, балки савдодаги бюрократик тўсиқлар ҳам қисқартирилади. Шунингдек, Европа компаниялари учун Мексикадаги давлат буюртмаларига кириш имкониятлари кенгайтирилади.
Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи Мексикадаги инфратузилма лойиҳалари учун 5 миллиард евро инвестиция ажратишини маълум қилди.
Мексика иқтисодиёт вазирлиги баҳосига кўра, янги битим мамлакатнинг Европа Иттифоқига экспортини 2030 йилга бориб қарийб 1,5 баробарга ошириб, йилига 31 миллиард еврога етказиши мумкин.
Ҳозирда Европа Иттифоқи Мексикага ҳар йили тахминан 56 миллиард еврога тенг товар экспорт қилади. Сўнгги ўн йил ичида икки томон ўртасидаги савдо ҳажми 75 фоизга ўсган.
Янги келишув деярли барча товарлар учун божсиз режимни назарда тутади. Жумладан, Мексиканинг товуқ гўшти ва спаржа маҳсулотлари, Европанинг қуруқ сут, пишлоқ маҳсулотлари эркин савдо имкониятига эга бўлади. Айрим товарлар учун квоталар сақланиб қолади.
Битим иқлим ўзгариши, инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳамкорлик каби масалаларни ҳам қамраб олган.
Томонлар АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг савдо сиёсати ва бошқа глобал чақириқлар фонида иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.
Мексика, шунингдек, айрим Европа маҳсулотларининг географик келиб чиқиш номларини ҳам ҳимоя қилади. Европа Иттифоқи эса ушбу келишув орқали Мексиканинг муҳим хомашё ресурсларига кенгроқ кириш имкониятини қўлга киритади.
Келишув Европа Иттифоқи давлатлари томонидан ратификация қилингач, Брюссель ва Мехико ўртасида якуний глобал битим сифатида кучга киради.