Жаҳон | 12:00 / 30.10.2025
1312
3 дақиқада ўқилади

Нидерландиядаги сайловларда «Демократлар 66» партияси етакчилик қиляпти

Экзитполларга кўра, Нидерландиядаги сайловларда сўл-либерал «Демократлар 66» (D66) партияси ғолиб чиққан. Герт Вилдерс бошчилигидаги ўнг популистлар эса ўтган сайловга нисбатан ёмонроқ натижани қайд этган.

Фото: AP

Роб Йеттен раҳбарлигидаги «Демократлар 66» партияси парламент сайловларида етакчилик қилмоқда ва дастлабки маълумотларга кўра, парламентнинг қуйи палатаси — Вакиллар палатасида 150 ўриндан 27 тасини қўлга киритади. Бундан 29 октябр куни кечқурун Ipsos социологик институти эълон қилган экзитпол натижалари гувоҳлик бермоқда. Худди шу экзитполларга кўра, Герт Вилдерс бошқарадиган ўнг-популист «Эркинлик партияси» 25 та ўрин олади. Прогноз уч мандатгача хатоликка йўл қўяётгани сабабли, кучлар нисбати ҳали ўзгариши мумкин.

Вилдерс учун бундай натижа сезиларли мағлубият бўлади. 2023 йилги сайловларда «Эркинлик партияси» биринчи ўринни эгаллаб, 37 депутатлик мандат олган эди. Жорий овоз бериш Нидерландияда ўнг сиёсий кучларнинг позициясини мустаҳкамлаш қобилияти учун синов сифатида кўрилди.

Кутилмаганда, Франс Тиммерманс — Европа Иттифоқининг собиқ иқлим бўйича комиссари — раҳбарлик қиладиган «Меҳнат партияси» ва «Яшиллар-Сўллар» коалицияси паст натижа кўрсатди. Сўровлар унга иккинчи ўринни башорат қилган эди, аммо у фақат тўртинчи бўлиб, парламентда 20 та ўрин олди. Тиммерманс аллақачон ушбу алянс раҳбарлигидан истеъфога чиққанини эълон қилди.

38 ёшли Роб Йеттен Нидерландия тарихида энг ёш бош вазир бўлиши мумкин. Энди қиролликда ҳукумат тузишнинг мураккаб жараёни бошланади, у бир неча ойга чўзилиши эҳтимоли бор.

Муддатидан олдинги сайловларни Герт Вилдерснинг ўзи бошлади: июн ойида у иммиграция масалаларидаги келишмовчиликлар сабаб ҳокимият коалициясидан чиқишини эълон қилди. Унинг қочоқларга бошпана бериш тизимини кескин қатъийлаштириш талаби коалициядагилар учун мақбул бўлмади. Жорий сайлов кампаниясида ҳам Вилдерс мамлакатда ЕИдаги энг қатъий бошпана қоидаларини жорий этиш ваъдаларини такрорлади.

Frankfurter Rundschau газетаси овоз бериш олдидан ёзганидек, Германияда ўта ўнг «Германия учун муқобил» партияси оммабоплиги ошганини ҳисобга олганда, Нидерландия парламент сайловлари натижалари ГФР учун ҳам аҳамиятга эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид