Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиянинг бир қатор ҳудудларида 2026 йилда мигрантлар учун патент қимматлайди
Маҳаллий маъмуриятлар чет эл фуқаролари учун патент тўловларини ошириш орқали ҳудудий бюджетлар даромадини кўпайтирмоқчи.
Фото: mskagency.ru
2026 йил 1 январдан Россиянинг кўплаб ҳудудларида меҳнат мигрантлари учун патент нархи ошади. Бир қатор субъектлар аллақачон жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) бўйича қатъий белгиланган аванс тўлови ёки патент учун ойлик тўлов миқдорини ҳисоблаш учун қўлланиладиган янги коэффициентларни эълон қилди, деб хабар берди Asia-Plus.
Маҳаллий маъмуриятларнинг таъкидлашича, чет эл фуқаролари учун патент тўловларининг оширилиши ҳудудий бюджетлар даромадини сезиларли даражада кўпайтириш имконини беради.
Шундай қилиб, Тюмен вилоятида патент нархи 22 фоизга ошади ва янги йилдан бошлаб 11 471 рублни ташкил этади. Жорий йилда ушбу минтақада патент нархи 9385 рублни ташкил этди.
Камчатка ўлкасида меҳнат мигрантлари учун патент нархи 9 мингдан 13,8 минг рублгача ошади. Тегишли қонун ўлка қонунчилик мажлиси депутатлари томонидан қабул қилинган, унга кўра, хорижий ишчилар учун ҳудудий коэффициент 2,9 дан 4,1 га оширилмоқда.
Иркутск вилоятида 2026 йил 1 январдан бошлаб патент учун ойлик тўлов миқдори 12 минг рубль этиб белгиланди. Ҳозир бу ҳудудда патент 11 минг рубль туради.
Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида меҳнат мигрантлари учун патент нархи ҳозирги 6000 дан 8000 рублгача ошади. Ушбу минтақалар маъмурияти патент нархини ошириш бўйича қўшма қарор қабул қилди.
Новосибирскда чет эл фуқаролари учун патент нархи 10 860 рублгача кўтарилади, бу 2025 йилга нисбатан 11 фоизга (ёки 954 рублга) кўпдир. Расмийларга кўра, патент нархининг ошиши вилоят бюджетига қўшимча 2,5 миллиард рубль келтиради.
Краснодарда патент нархи тахминан 59 фоизга ошади ва 2026 йилдан бошлаб 27 минг рублни ташкил қилади.
Свердловск вилояти ҳукумати, шунингдек, ишлайдиган чет эл фуқаролари учун ойлик тўловни 7500 рублдан 9500 рублгача оширишга қарор қилди. Прогнозларга кўра, ўсиш вилоят бюджетига қарийб 4 миллиард рубль қўшимча даромад келтиради.
Приморье ўлкаси парламенти 2026 йилдан патент нархини 13 800 рублгача ошириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Таъкидлаш жоизки, Россиянинг аксарият ҳудудларида меҳнат мигрантлари учун патент нархи ҳар йили ошиб бормоқда. Ойлик тўлов миқдори минтақага қараб фарқ қилади.
Патент мигрантларга муайян ҳудуд ва фаолият соҳасида ишлаш ҳуқуқини беради. Патент олиш учун мигрантлар тахминан 30 минг рублга тушадиган ҳужжатлар тўпламини йиғиши керак.
Ойлик тўловни тўламаганлик учун улар Россияда бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ва мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин.