Жамият | 19:57 / 02.11.2025
10022
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда машина олиб қочган шахс қўлга олинди

Автомобил олиб қочилишига эгасининг машина калитини ўт олдиргичда қолдириб кетгани сабаб бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида ички ишлар ходимлари томонидан Шайхонтоҳур туманида транспорт воситасини ўғирлашда гумон қилинаётган шахс қўлга олинди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар беришича, Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси навбатчи қисмига фуқаролардан бирининг транспорт воситаси олиб қочиб кетилгани ҳақида хабар келиб тушган. Мурожаатга асосан тезкор-қидирув хизмати жиноят-қидирув бошқармаси томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар давомида ушбу жиноятни содир этган шахс қўлга олинган ва автомобил топилган.

Ушбу шахс эшиги қия очиқ турган машинани учратиб қолгач, унинг ичидаги буюмларни ўғирлаб сотишни режалаштиргани, аммо калит ўт олдиргичда қолдирилганини кўргани, шундан кейин ҳайдовчи ўрнига ўтириб, машинани ҳайдаб кетганини айтиб берган.

У машинани Бектемир тумани ҳудудига, Чирчиқ дарёси бўйига олиб борган, унинг ичидан икки дона монитор, бир дона видеорегистратор, битта фонар ҳамда сумкани олиб, воқеа жойидан яширинган. Муқаддам судланган ушбу шахс ўз ҳаракати оқибатларини билмаганини айтиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган ҳамда узр сўраган.

Машина эгаси ҳолатга калитни ўт олдиргичда қолдиргани учун ўзи ҳам маълум даражада айбдорлигини тан олиб, бошқа ҳайдовчиларни эҳтиёткорликка чақирган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситаларини олиб қочиш) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчини қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид