Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тўғри савдолашиш ва нархни туширишга оид маслаҳатлар
Нарх бўйича икки томоннинг рози бўлиши савдодаги энг муҳим масаладир ва бу жараёнда энг муҳим омил савдолашишдир. Савдолашиш осон эмас: баъзида бизга эриш туюлади ва кўп ҳолларда эса сотувчиларни хафа қилади. Шу сабабдан биз кўпчилликка манфаатли бўлишини ният қилиб, самарали савдолашиш ва бу орқали маблағларни тежаб қолишнинг 7 та қоидаси ҳақида фикр юритамиз.
Фото: AP
1-қоида. Чегирма сўранг, қалбингизда ғашлик қолмасин!
Баъзан харидорларда савдодан сўнг “Қимматга олиб қўйдим, чегирма сўрасам бўлар экан” деган ҳаёл ўтади. Кўп вазиятларда нархни тушириш учун шунчаки сўрашнинг ўзи кифоя. Агар чегирма бериш сотувчи ихтиёрида бўлса, у мамнуният билан бунга рози бўлади.
Чегирма сўрашдан ҳеч қачон уялмаслик керак - бозорда, дўконда, бирор хизматдан фойдаланганда, ҳатто ресторанда ҳам сўрашингиз мумкин. Буни ўйин деб тасаввур қилиб “ютқазсангиз” ҳам, шунчаки одатдаги нархда тўлов қиласиз холос.
Чегирмани ноодатий тарзда сўранг, масалан:
“Сизларда чегирма борми?” ўрнига “Сизларда доимий мижозлар учун қандай чегирмалар бор?” деб кўринг. Ёки “Арзонроқ бўладими?” ўрнига “Нархини озроқ юмшатиш мумкинми?” жумласидан фойдаланинг.
2-қоида. Қўшимча қиймат олинг
Савдолашиш фақат нархни тушириш эмас. Баъзан қўшимча қиймат олиш (бепул етказиб бериш, кафолат муддатини узайтириш ёки бошқа) ҳам фойдали. Агар сотувчи нархни пасайтиришга иккиланаётгани ёки ваколати йўқлигини сезсангиз қўшимча имтиёз сўраш учун идеал пайт бўлади.
Мисол учун: “Агар айтаётган нархингизга бепул етказиб беришни қўшсангиз, сўзсиз рози бўлардим!”
3-қоида. Менежер билан гаплашинг
Яна бир муҳим ҳолат, кўпинча сотувчиларнинг чегирма қилмасликлари уларнинг шунчаки ҳоҳламаганликларидан эмас, балки унга рухсатлари йўқлигидан бўлади. Шунинг учун бундай вазиятларда қарор қабул қилувчи одам билан гаплашишга ҳаракат қилинг.
Бироқ сотувчилар раҳбарларини безовта қилишни ва ўзлари ҳам “безовталаниш”ни хоҳламайдилар. Шунинг учун вазиятдан чиқишга уринадилар.
Сизнинг вазифангиз уларни ўзингизнинг иттифоқдошингизга айлантириш. Масалан:
“Агар раҳбарингизни телефон рақамини берсангиз жуда катта фойдангиз тегарди” деб айтишнинг ўзи кифоя.
4-қоида. Чегирмани нақд орқали олинг
Кўплаб савдо жараёнларида нақд пул ҳали ҳам қадрланади. Чунки нақд тўлов бизнес учун тезроқ айланма маблағ ва барқарорликни таъминлайди. Агар сиз харидор сифатида “нақд учун нарх”ни сўрасангиз, кўпинча чегирма олиш имконияти пайдо бўлади. Бу ҳар икки томон учун фойдали: сиз арзонроқ оласиз, улар эса дарҳол пул олади.
Мисол: “Нақд тўласам, нархи қандай бўлади?”
5-қоида. Сотувчини асабийлаштирманг, самимий бўлинг
Бунда биринчи навбатда сотувчини хотиржам қилиш керак. Бунинг энг осон йўли - унга самимий, очиқ муносабатда бўлиш.
Масалан, сиз “ОЛХ”дан техника сотиб олмоқчисиз. Сиз сотувчи билан сухбат давомида “Агар сизга чегирма бериш фойдасиз бўлса, майли берманг. Лекин мен бу нархда ололмайман. Агар рози бўлганизда бугуноқ олиб кетардим” деб ўз манфаатларингизни ҳимоя қилинг, лекин иккинчи томонни асабийлаштирманг.
Асосий қоида шуки: “Ҳеч ким ҳеч кимга ҳеч нарса мажбур эмас”, Сиз сотиб олишга мажбур эмассиз ва сизга чегирма беришга ҳам мажбур эмаслар. Аммо агар ўзаро келишсангиз - бу иккала томонга ҳам фойда.
6-қоида. Кетишга тайёр бўлинг
Ҳар қандай музокарада бўлгани каби, савдолашишда ҳам товарга ҳаддан ташқари муҳтож бўлиш ярамайди.
Агар сотувчи сизнинг бу нарсани жуда хоҳлашингизни сезса, у нархни тушириши у ёқда турсин балки ортиқча нарсаларни ҳам “тиқиштириб” қўяди.
Сиз шунчаки нархга муносабатингизни билдиринг:
“Ҳаммаси ёқди, лекин нарх мен учун бироз қиммат. Бошқа вариантларни кўриб чиқишимга тўғри келади”.
7-қоида. Муносабатни сақланг
Базида таниш одам билан “муносабат бузилмасин” деб ҳар қандай нархга рози бўламиз. Лекин бу хато, чунки сиз ўзингизнинг манфаатларингизни ҳимоя қилмаяпсиз.
Масалан, сиз квартирани қариндошингиздан узоқ муддатга ижарага олмоқчисиз:
“Почча, мен сизга босим ўтказмоқчи эмасман, тўғриси. Лекин 600$ менга қимматли қилади. 400$ берсам ва коммунал тўловларни ўзим тўласам, сиз учун қулай бўладими? Агар ноқулай бўлса, бошқа вариантларни кўраман”.
Хулоса шуки, чегирма олиш учун шунчаки сўраб кўринг ва сотиб олаётганингизда ҳам, сотаётганингизда ҳам доим бағрикенг бўлишга интилинг!
Мавзуга оид
13:18 / 01.12.2025
Ўзбекистон Бангладеш компаниялари учун транзит ва ишлаб чиқариш ҳаби бўлиши мумкин
15:38 / 26.11.2025
Истеъмол бозори ўсмоқда: чакана ва улгуржи савдо ҳажми кескин кўпайди
09:44 / 20.11.2025
Хитой яна Германиянинг асосий савдо ҳамкорига айланди
13:26 / 19.11.2025