Ўзбекистон | 09:19 / 05.11.2025
2247
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхона қурилишига старт берилди

2 ноябр куни Фарғона туманининг Оқбилол қишлоғида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида корхона қурилиши бошланди. Қиймати тахминан 150 млн доллар бўлган лойиҳа Хитойнинг China Everbright International Ltd. компанияси иштирокида амалга оширилмоқда.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Тантанали маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Нуриддин Мамажонов, Ҳакимжон Долимов, хитойлик инвесторлар ва мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди. Президентнинг 2025 йил 24 мартдаги “Наманган ва Фарғона вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Фарғона вилоятида тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилган ҳолда қувватлар барпо этилмоқда.

Лойиҳанинг техник кўрсаткичлари:

  • йилига 547 минг тонна (кунга 1,5 минг тонна) маиший чиқиндиларни экологик жиҳатдан хавфсиз термик усулда қайта ишлаш;
  • йилига 227,5 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати;
  • қарийб 150 млн доллар инвестиция ҳажми;
  • 400 нафарга яқин янги иш ўринлари яратилиши.

Вилоят ҳокимлиги вакилларининг таъкидлашича, лойиҳа экологик барқарорликни таъминлаш, чиқиндиларнинг полигонларда йиғилиб қолишини кескин камайтириш, шунингдек, минтақанинг энерготаъминоти барқарорлигини оширишга хизмат қилади. China Everbright International Ltd. директори Вей Жун Бо ҳамкорлик лойиҳаси орқали атроф-муҳитни яхшилаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшиш ниятини билдирди.

Маросимда нуронийлар иштирокида дуо қилинди ва корхонага тамал тоши қўйилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид