Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин ядровий синовларга тайёргарликнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганишни буюрди
Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусовнинг ядро синовларига тайёргарлик кўришни бошлаш ҳақидаги таклифига Владимир Путин шундай жавоб қайтарди.
Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида президент Владимир Путинга Новая Земля архипелагида ядровий қуролни кенг кўламли синовдан ўтказишга зудлик билан тайёргарлик кўришни бошлашни таклиф қилди, деб хабар берди Кремль матбуот хизмати.
Белоусов сўзларига кўра, АҚШ расмийлари қуролларни қисқартириш ва чеклаш соҳасидаги шартномалардан изчил равишда чиқиб кетмоқда, шунингдек, стратегик ҳужум қуролларини «жадал модернизация қилмоқда». Ядро синовларини ўтказишни ўз ичига олган бу режалар «Россия учун ҳарбий хавф даражасини сезиларли даражада оширади», деди Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари.
«Бундан келиб чиқадики, биз ядровий салоҳиятимизни ҳар қандай шароит ва вазиятда тайёр ҳолда сақлаб қолишимиз ва Вашингтоннинг мамлакатимиз хавфсизлигини кафолатли таъминлаш манфаатлари йўлидаги қадамларига муносиб жавоб беришимиз керак. Юқоридагиларни инобатга олиб, кенг кўламли ядровий синовларга тайёргарликни ҳозирдан бошлаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман», деди Белоусов.
Владимир Путин бунга розилик билан жавоб бермади, балки ТИВ, Мудофаа вазирлиги ва махсус хизматлар раҳбарларига АҚШ ядровий синовлар бўйича режалари ҳақида «қўшимча маълумот тўплаш» ва «ядро қуроли синовларини тайёрлаш бўйича эҳтимолий ишларни бошлаш бўйича келишилган таклифлар киритишни» буюрди.
Новая Земля полигонидаги сўнгги ядровий синов 1990 йил 24 октябрда бўлиб ўтган - шундан сўнг ҳукумат уларга мораторий эълон қилган. 1996 йилда АҚШ ва Россия дунёнинг бошқа давлатлари қаторида Ядро синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолади, аммо уни ратификация қилмади.
2025 йил 26 октябрда Владимир Путин Россия «Буревестник» қанотли ракетасини синовдан ўтказганини эълон қилди. Уч кундан кейин Путин Россия «Посейдон» учувчисиз сувости аппаратини ҳам синовдан ўтказганини маълум қилди. Улар ядровий энергия қурилмасига эга экани айтилди.
Шундан сўнг, Доналд Трамп АҚШ бошқа давлатлар билан «тенгма-тенг» равишда «зудлик билан» ядро қуроли синовларини бошлашини маълум қилди.
Мавзуга оид
22:16 / 18.06.2026
АҚШ вице-президенти Ҳўрмуз бўғози блокадаси очилганини эълон қилди
21:12 / 18.06.2026
Нефть нархи АҚШ ва Эрон уруши бошланганидан бери энг паст даражага тушди
13:35 / 18.06.2026
АҚШ-Эрон президентлари ўзаро англашув меморандумини имзолади
10:40 / 18.06.2026