Жаҳон | 09:27 / 05.11.2025
2862
3 дақиқада ўқилади

Трамп Ню-Йоркка молиялаштиришни қисқартириш билан таҳдид қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп ню-йоркликларни шаҳар мэри лавозимига демократ Зохран Мамданийни сайлашдан қайтарди ва мустақил номзод Эндрю Куомога овоз беришга чақирди, акс ҳолда мегаполисга ажратиладиган маблағларни қисқартиришини айтди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп, агар бўлиб ўтган мэр сайловида демократ Зохран Мамданий ғолиб чиқса, Ню-Йоркка федерал молиялаштиришни қисқартириш билан таҳдид қилди ва бир вақтнинг ўзида ўз тарафдорларини мустақил номзод Эндрю Куомога овоз беришга чақирди. «Сизга Эндрю Куомо ёқадими-йўқми — аслида танлов йўқ. Унга овоз беришингиз керак», — деб ёзганди Трамп 3 ноябр куни Truth Social’даги саҳифасида.

Унинг таъкидлашича, агар у бир неча бор «коммунист» деб атаган Мамданий ғолиб чиқса, Оқ уй шаҳарга қонунда кўзда тутилган минимумдан ортиқ федерал маблағ ажратиши қийин.

Овоз бериш 4 ноябр куни бўлиб ўтди. Унда Зохран Мамданий ишончли ғалаба қозониб, икки рақибини — республикачи Кёртис Слива ва мустақил номзод сифатида қатнашган Ню-Йорк штатининг собиқ губернатори Эндрю Куомони ортда қолдирди.

Мамданий Трампнинг рақибини қўллаб-қувватлашини танқид қилди. «Эндрю Куомога MAGA (“Американи яна буюк қиламиз”) ҳаракатининг қўллаб-қувватлови — Доналд Трамп учун у энг маъқул мэр эканини англаганини кўрсатади, — деди Мамданий. — Улар (Трамп ва Куомо) бир хил донорларга, бир хил тор қарашга ва бир хил жазосизлик ҳиссига эга».

Ню-Йоркдаги сайловлар бутун мамлакат бўйлаб қизиқиш уйғотди, чунки натижа Демократик партия имижига таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзини очиқчасига демократик социалист деб атайдиган 34 ёшли Мамданий прогрессив электоратни жалб этди, бироқ мўътадил демократларни хавотирга солди. Унинг сайловолди дастури шаҳарнинг энг бадавлат аҳолиси учун солиқларни ошириш ва давлат уй-жой қурилишини кенгайтиришни ўз ичига олади.

Мамданий кутилмаганида Демократик партия праймеризида Куомони мағлуб этди. Энди узоқ йиллар Демпартияда бўлган Куомо сайловда мустақил номзод сифатида иштирок этмоқда. У 2021 йили Ню-Йорк штати губернатори лавозимидан истеъфо берган — бунда бош прокурорлик ҳисоботида унга ўн бир аёлга нисбатан жинсий қалтис муносабат айбловлари қўйилгани муҳим омил бўлган.

Ню-Йорк Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, мегаполис оладиган федерал маблағлар қарийб 7,4 миллиард долларни ташкил қилади - бу шаҳар бюджетининг 6,4 фоизи демакдир. Трамп ўзининг иккинчи президентлик муддати давомида бир неча бор турли дастурларни федерал молиялаштиришни тўхтатиш билан таҳдид қилган эди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид