Жаҳон | 08:03 / 13.11.2025
3025
4 дақиқада ўқилади

Норвегия Украина кредитига якка ҳолда кафил бўлишдан бош тортди

Бош вазир Стёре Норвегия фаровонлик фондидан ЕИнинг Киевга бермоқчи бўлган кўп миллиард евро кредитини кафолатлаш учун фойдаланиш имкониятини рад этди. Аммо Осло бундай кредитни Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан тақдим этишда иштирок этиши мумкин.

Фото: Getty Images

Норвегия дунёдаги энг йирик, 1,7 трлн евродан ортиқ активларга эга суверен фаровонлик фондини Украинага Европа Иттифоқи томонидан бериладиган ўнлаб миллиард евро кредитни таъминлаш (кафолатлаш) учун ишлатмайди. Бу ҳақда 12 ноябр куни мамлакат бош вазири Йонас Гар Стёре TV 2 телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Молия вазири ва НАТОнинг собиқ бош котиби Йенс Столтенберг NRK радиостансиясига тасдиқлашича, мамлакатнинг бутун кредит суммаси бўйича кафолат бериши ҳақида таклиф бор, бироқ ҳозирча Осло буни режалаштирмаяпти. Шу билан бирга, Норвегия Киевга бундай кредит ажратишда Европада музлатилган РФ молиявий активлари ҳисобидан иштирок этиши мумкин — аммо бу ЕИнинг қандай таклиф киритишига боғлиқ, деди Столтенберг.

Украинага қарши уруш муносабати билан ЕИда Россия Марказий банки активларидан тахминан 200 млрд евро музлатилган. Ушбу маблағлардан тушган фоиз даромадлари ҳозирнинг ўзида Украинага қурол-яроғ ва ўқ-дори етказиб беришни молиялаштиришга йўналтирилмоқда. Сентябр ойи охирида Еврокомиссия ушбу активлар ҳисобидан Киевга 170 млрд еврогача «репарацион кредитлар» ажратишни таклиф этди. ЕК раҳбари Урсула фон дер Ляйен бу схема Украинага қўллаб-қувватлашни ҳозироқ бошлашга имкон беришини, кредитлар эса фақат Россия уруш оқибатлари учун товон тўлашга рози бўлса, қайтарилиши лозимлигини айтди. Бу ғояни Германия канцлери Фридрих Мерц қўллаб-қувватлади.

Октябр бошида мазкур схема асосида «репарацион кредит» режасини Еврокомиссия тақдим этди. Қарз Киевнинг ҳарбий ва молиявий эҳтиёжларига йўналтирилиши кўзда тутилган эди. Бироқ 23 октябр куни Брюсселдаги ЕИ саммитида Белгия буга қарши чиқди. Айни шу мамлакатда музлатилган РФ МБ активларининг асосий қисми сақланаётган Euroclear депозитарийи жойлашган. Белгия ҳукумати бундай қадамнинг ҳуқуқий оқибатларидан хавотирда.

Кейинроқ ЕИ аъзоси бўлмаган, бироқ яқин ҳамкор Норвегияни — Украина учун Европа Иттифоқи кредитига кафолатчи сифатида жалб этиш ғояси пайдо бўлди. Дания ва қатор бошқа Европа мамлакатларида Осло «урушдан фойда кўрмоқда», деган қарашлар янгради — Норвегия иттифоқдошларга катта ҳажмда нефт ва газ сотмоқда. Бу ғоя тарафдорлари Украина кредитини таъминлаш вазиятни мувозанатлаштиришга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлади, деб ёзган The Times. Ташаббус Норвегия парламентида ҳам қўллаб-қувватланди — тўққиз партиядан тўрттаси ён босди.

Аввалроқ Еврокомиссия РФ музлатилган активларидан Украинага ёрдамни молиялаштиришда фойдаланишдан воз кечиш оқибатлари ҳақида ҳисобот тайёрлаганди. Ҳужжат декабр ойидаги иттифоқ етакчилари саммити олдидан ЕИ аъзо мамлакатларига юборилган.

Ҳисоботда айтилишича, агар Белгиядаги Euroclear депозитарийида тўсиб қўйилган маблағларнинг бир қисмини икки йил давомида жалб этиш режаси амалга оширилмаса, иттифоқ мамлакатларига ёки қўшма қарз олишга келишиб, миллий бюджетлар қарз юкини оширишга, ёхуд Украинага жами 140 млрд евро миқдорида тўғридан тўғри грантлар ажратишга тўғри келади, деб ёзади The Financial Times.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид