Жаҳон | 21:26 / 13.11.2025
1986
4 дақиқада ўқилади

Трамп маъмурияти саратон ва семизликни виза беришни рад этиш сабаблари сифатида кўрсатди

АҚШ Давлат департаменти саратон, семизлик, қандли диабет ва бошқа касалликларни ариза берувчига молиявий ёрдам керак бўлиши мумкинлигидан хавотирланиб, виза беришни рад этиш учун омиллар рўйхатига киритди. Оқ уй бундай касалликларга эга одамларни «эҳтимолий ташвиш» деб ҳисобламоқда.

Фото: Shutterstock

Вашингтон хорижликларга виза бериш рад этилиши мумкин бўлган сабаблар рўйхатига саратон, семизлик, юрак касалликлари ва диабетни киритди. Давлат департаменти 6 ноябрь куни бутун дунё бўйлаб АҚШ дипломатик ваколатхоналарига шундай кўрсатма юборди, деб ёзди The Washington Post ҳужжат матнига таяниб.

Раҳбарият виза хизматларига ариза берувчиларни бир нечта янги сабабларга кўра, жумладан, ёши ёки давлат нафақаларига умид қилиши мумкинлиги эҳтимоли туфайли АҚШга кириш ҳуқуқига эга эмас деб ҳисоблашни буюради.

«Сиз ариза берувчининг соғлиғини ҳисобга олишингиз керак. Баъзи тиббий ҳолатлар, жумладан, юрак-қон томир касалликлари, нафас олиш йўллари касалликлари, саратон, қандли диабет, метаболик касалликлар, неврологик касалликлар ва руҳий касалликлар юз минглаб долларлик даволанишни талаб қилиши мумкин», дейилади ҳужжатда.

Давлат департаменти виза беришда семизликни ҳам ҳисобга олишни тавсия қилади, чунки у астма, уйқу пайтида апноэ (нафас олишнинг тўхташи), юқори қон босими ва клиник депрессияни юзага келтириши мумкин.

Давлат департаментининг ушбу мурожаати ҳақида биринчи бўлиб KFF Health News нашри хабар берди. Унинг ёзишича, соғлиғи ёки ёши билан боғлиқ муаммолар туфайли аризачилар «жамият учун тўсиқ» бўлиши, бу АҚШ ресурсларининг камайишига олиб келиши мумкин. KFF нашрига кўра, соғлиқни умумий баҳолаш шундоқ ҳам Америка визасига ариза бериш жараёнининг бир қисми бўлиб, сил каби юқумли касалликлар скрининги ва эмлаш маълумотларини ўз ичига олади.

Шунингдек, қўлланмада визаларни беришда ариза берувчининг АҚШда бўлиши кутилаётган даврда даволаниш учун маблағлари бор-йўқлигини текшириш кераклиги, давлатдан пул ёрдами ёки бюджет ҳисобидан ихтисослаштирилган муассасага ётқизиш учун мурожаат қилмаслик кераклиги айтилган.

Давлат департаментининг юқори мартабали амалдорининг Washington Post нашрига маълум қилишича, ушбу мактуб департаментнинг сиёсий раҳбарияти томонидан тайёрланган ва одатда соҳа мутахассислари томонидан баҳоланадиган оддий каналлар орқали текширувдан ўтмаган. WP таъкидлашича, Давлат департаменти виза олиш учун аризани кўриб чиқишда ариза берувчининг қарамоғида бўлган шахслар, болалар ёки кекса ота-оналар сони ва уларнинг «алоҳида эҳтиёжлари» ёки ногиронлиги борлигини ҳисобга олишга чақиради.

Иммиграция бўйича адвокат Вик Гоэлнинг газетага маълум қилишича, янги қоидалар ҳам иммиграцион, ҳам ноиммиграцион визаларга тааллуқли.

Оқ уй матбуот котиби Анна Келлининг айтишича, Давлат департаментининг 100 йиллик сиёсати «солиқ тўловчилар учун молиявий юк бўлиши мумкин бўлган ариза берувчиларга» виза беришни рад этиш ваколатини ўз ичига олади.

«Президент Трамп маъмурияти ниҳоят бу сиёсатни тўлиқ амалга оширмоқда ва америкаликларни биринчи ўринга қўймоқда», деб WP унинг сўзларини келтиради.

Оқ уйга қайтганидан бери Трамп иммиграция сиёсатини, жумладан, виза бериш қоидаларини кучайтирмоқда.

1 октябрдан бошлаб Вашингтон ноиммиграцион виза олувчилар учун қўшимча виза йиғимини жорий қилди. Жорий молия йилида (2025 йил октябрдан 2026 йил октябргача) йиғим миқдори камида 250 долларни ташкил этади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид