Жаҳон | 21:35 / 14.11.2025
13574
2 дақиқада ўқилади

Хитой Японияга «ҳалокатли мағлубият» билан таҳдид қилди

Хитой Япониянинг Тайван бўғозидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ҳар қандай уриниши тажовузкорлик ҳаракати сифатида баҳоланишини маълум қилди.

Фото: Reuters

Агар Токио Тайван атрофидаги вазиятда ҳарбий куч ишлатишга қарор қилса, Япония «ҳалокатли мағлубиятга учрайди». Бу ҳақда брифингда Хитой Мудофаа вазирлиги расмий вакили Цзян Бин маълум қилди.

Аввалроқ, Япония бош вазири Санаэ Такаичи Хитойнинг Тайванга қарши эҳтимолий ҳаракатлари Япония учун «омон қолиш хавфини туғдириши» ва Токиога жамоавий мудофаа ҳуқуқини амалга ошириш имконини бериши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.

Цзян Бин Япония етакчисининг сўзлари Хитойнинг ички ишларига «қўпол аралашув» эканини айтди. Унинг таъкидлашича, Тайван масаласи «фақат Хитойнинг ички иши» бўлиб, «чет эл аралашувига йўл қўймайди». Шунингдек, у бу йил Хитойнинг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабаси ва Тайваннинг япон истилосидан озод этилганига 80 йил тўлишини эслатиб ўтди.

«Агар Япония тарих сабоқларидан хулоса чиқармаса ва таваккал этиб, Тайван бўғозидаги вазиятга куч билан аралашишга қарор қилса, муқаррар равишда қон тўкилишига дуч келади ва Хитой халқ озодлик армиясининг темир девори олдида катта товон тўлайди», деди мудофаа идораси вакили.

Аввалроқ матбуот анжуманида Хитой ТИВ расмий вакили Лин Цзян Япония бош вазир Санаэ Такаичининг «ғазаблантирувчи баёнотларини» қайтариб олиши кераклигини айтиб, акс ҳолда Токио «жавобгарликка тортилиши» ҳақида огоҳлантирганди.

Лин Цзяннинг таъкидлашича, Япониянинг Тайван бўғозидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ҳар қандай уриниши Хитой томонидан тажовузкорлик ҳаракати сифатида баҳоланади. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатда Пекин «қатъий жавоб зарбаси» ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид