Жаҳон | 07:16 / 18.11.2025
10822
3 дақиқада ўқилади

Сайёранинг энг қудратли 30 дарёси: Амазонка мутлақ етакчи

Дарёлар — қитъалар бўйлаб чучук сувни ташийдиган ва бутун бошли экотизимларни шакллантирадиган сайёранинг артерияларидир.

Фото: Dmitriy Kandinskiy / Shutterstock / FOTODOM

Янги инфографикада дунёдаги энг қудратли 30 та дарё ўртача сув сарфи бўйича сараланган ҳолда тақдим этилган.

Секундига 224 000 куб метр сув сарфи билан Амазонка океанга кейинги рейтингдаги тўртта дарё биргаликда қуядиган сувдан ҳам кўпроқ сув қуяди. Агар уни насос деб тасаввур қилсак, у ҳар сонияда 83 та олимпия стандартларидаги бассейнни тўлдириши мумкин бўлар эди.

Ҳатто энг қуруқ ойларда ҳам Амазонка шундай миқдорда сув ташийдики, бошқа йирик дарёлар бунга фақат энг юқори тошқин даврларидагина етиша олади. Бу эса унинг жаҳон гидрологик тизимидаги ўзига хос, ноёб ўрнини яна бир бор тасдиқлайди.

Агар Жанубий Америкада шубҳасиз чемпион — Амазонка бўлса, Осиё қолган биринчи ўнликда устунлик қилади. Ганг–Брахмапутра–Мегна, Янцзи, Енисей ва Лена дарёларининг сув сарфи секундига 18 000 куб метрдан ошади.

Visual Capitalist

Улар бўйлаб жадал иқтисодий ўсиш кечаётгани дарёларнинг сув режими барқарорлигини ўта муҳим қилади. Ҳиндистоннинг дон етиштириш камаридаги суғоришдан тортиб, Хитой саноат юрагидаги гидроэнергетикагача — Осиё буюк дарёлари озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигининг ҳаётий артериялари бўлиб қолмоқда.

Африка гиганти Конго эса биринчи бешталикка кирган қитъанинг ягона вакили бўлиб, унинг секундига 41 400 куб метр сув сарфи экваториал ўрмонлар оқимни қандай қилиб ягона ўзанга тўплаб, йўналтираётганини кўрсатади.

Шимолий Америкадаги Миссисипи ва Сен Лаврентий дарёси катта ҳавзаларнинг мўътадил ёғингарчилик билан биргаликда қай тарзда таъсирчан, бироқ барибир нисбатан камтарроқ сув оқимини вужудга келтиришини намоён қилади. Шу билан бирга Европадаги Волга ва Дунай ҳам рўйхатга киради, бу эса қитъанинг мўътадил иқлими ва тўғонлар ҳамда сув ресурсларини тартибга солишнинг мураккаб тармоқларини акс эттиради.

Океаниядаги Флай, Мамбраамо ва Сепик дарёлари ўзининг нисбатан кичик ҳавзаларидан кутилгандан анча юқори кўрсаткичларни қайд этади, бу эса Янги Гвинеянинг жуда кучли ёмғирлари ҳисобига юз беради. Бу ҳолат маҳаллий иқлим баъзан географик хусусиятлардан устун келиши мумкинлигини эслатиб туради.

Маълумот учун, давлатлар дарёнинг асосий ўзани бўйлаб кўрсатилган, бутун ҳавза майдони бўйлаб эмас. Қўшимча дарёларнинг сув сарфи алоҳида келтирилмайди — уларнинг ҳиссаси асосий дарё тизими умумий оқимига аллақачон киритилган. Асосий дарё деб денгиз, океан ёки ёпиқ сув ҳавзасига (масалан, Каспий денгизига) қуйиладиган дарё тушунилади, қўшимча дарёлар эса бошқа дарёларга қуйилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид