Ўзбекистон | 23:12 / 19.11.2025
2983
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллаларда 50 та «микросаноат маркази» ишга туширилади

Марказ ҳунармандчилик, тикувчилик ва бошқа соҳаларга ихтисослашган маҳаллаларда тадбиркорлар ишини кенгайтириш мақсадида ташкил қилинади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Унда маълум қилинишича, келгуси йилда ҳудудлардаги корхоналарда 52 миллиард долларлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режа қилинган.

Мутасаддилар маҳаллий саноат тармоқларида 22 миллиард долларлик 3,5 мингта лойиҳани ишга тушириб, 130 минг доимий иш ўрни ташкил қилиши зарурлиги қайд этилди.

Таъкидланишича, ҳозир Ғиждувон тажрибаси асосида 400 та маҳалла мебелчилик, ҳунармандчилик ва тикувчиликка ихтисослашган. Тадбиркорларнинг жойи кенгайтириб берилса, ҳар бири яна 5-10 кишини ишга олишга тайёр.

Шу муносабат билан туман ҳокимларига келаси йилда саноатга ихтисослашган бундай маҳаллаларда 50 та «микросаноат маркази»ни ишга тушириш, банклар билан биргаликда камида 800 миллиард сўмлик 1,5 минг кичик саноат лойиҳасини амалга ошириб, 10 минг нафар одамни ишли қилиш топширилди.

Бу марказларнинг инфратузилмаси учун 200 миллиард сўм ажратилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид