Жамият | 20:18 / 21.11.2025
2691
2 дақиқада ўқилади

Россиядан ноқонуний олиб келинаётган тиббий буюм ва дори воситалари тўхтатиб қолинди

“Волгоград - Тошкент” йўналишидаги поезд текширилганида 2 та вагондан стоматологик буюмлар, имплантлар ва ускуналар, дори воситалари топилган. Уни вагон кузатувчилари яшириб, олиб келаётгани аниқланган.

Фото: ДХХ

Россия Федерациясидан ноқонуний олиб келинаётган тиббий буюм ва дори воситалари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан божхона ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда “Волгоград - Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб келаётган поезд “Қорақалпоғистон - темирйўл” халқаро ўтказиш пунктида текширилган.

Текширув жараёнида 7-вагон кузатувчиси бўлган, Самарқанд шаҳрида яшовчи 44 ёшли шахс томонидан вагоннинг ҳаво айлантириш шахтасига 30 турдаги 2 742 дона стоматологик буюмлар, имплантлар ва ускуналар яшириб қўйилгани аниқланган. Уларнинг нархи тахминан 913 млн сўмни ташкил қилган.

Шунингдек, поезднинг 12-вагонида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланган: вагон кузатувчиси бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи 49 ёшли шахс томонидан божхона кўригидан яширин равишда олиб кирилган, тахминан 1,5 млрд сўмлик 12 турдаги жами 894 дона дори воситалари ҳамда тиббий анжомлар ашёвий далил сифатида олинган.

Маълум бўлишича, вагон кузатувчилари моддий манфаатдорлик эвазига тиббий буюм ва дори воситаларини Тошкент шаҳрига етказиб беришлари керак бўлган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида тиббий буюмларнинг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид