Жаҳон | 09:07 / 21.11.2025
7901
10 дақиқада ўқилади

«Таслим бўлиш тинчлик режаси» – украиналиклар АҚШнинг янги режасини рад этмоқда

Киевда Украинадаги урушни гўёки якунлаш ҳақида АҚШ ва Россия томонидан қўшма равишда ишлаб чиқилган деб тахмин қилинаётган янги ҳужжат «Украинанинг таслим бўлиш тинчлик режаси» деб аталди. Украинада бу 28 банддан иборат тинчлик режаси қатъий рад этиляпти.

Фото: Ukrainian Emergency Service/Handout/AFP

АҚШ ва Россия Украинадаги урушни тугатиш бўйича «тинчлик режаси»ни яширинча ишлаб чиққани ҳақидаги журналистик маълумотлар Украина президенти Володимир Зеленскийнинг 19 ноябр куни Туркиянинг Анқара шаҳрида АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан ўтказиши режалаштирилган учрашуви қолдирилганидан сўнг Америка ОАВда пайдо бўла бошлади. Axios нашри ўз манбаларига таяниб ёзишича, музокараларнинг асосий мавзуси Доналд Трампнинг тинчлик ташаббуси бўлиши керак эди. Бироқ Украина президенти Туркияга Европадаги ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқилган ўз режаси билан келган.

Кейинроқ NBC News нашри хабар беришича, Оқ уй раҳбари гўёки 28 банддан иборат тинчлик режасини маъқуллаган, бу ҳужжатни унинг маъмуриятидаги юқори мартабали амалдорлар Уиткофф бошчилигида сўнгги бир неча ҳафта давомида Россия вакили Кирилл Дмитриев билан маслаҳатлашган ҳолда яширинча ишлаб чиққани айтилмоқда. Айни пайтда, ҳужжат Россия ҳозир назоратига олмаган ҳудудларни ҳам ўз ичига олган ҳолда бутун Донбассни Россияга топширишни назарда тутиши маълум қилинмоқда. Шунингдек, Украина қуролланиш борасида орқага чекиниши, армиясини икки баробар қисқартиши ҳамда рус тилини иккинчи давлат тили сифатида қабул қилиши лозимлиги айтилган. Financial Times нашрига кўра, бу режа аллақачон Украина томонига топширилган ва Киев уни қабул қилиб бўлмайдиган деб ҳисоблайди.

«Биз натижа бериши мумкин бўлган бошқа исталган мазмунли форматларда ҳам ишлашга тайёрмиз. Лекин қон тўкилишини тўхтатиш ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун энг асосий нарса – барча ҳамкорлар билан мувофиқлашган ҳолда ишлашимиз, Америка етакчилиги эса самарали, кучли бўлиб, узоқ давом этадиган ва инсонларга хавфсизлик берувчи тинчликка яқинлаштириши керак», деб ёзди Володимир Зеленский 19 ноябр куни Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашувдан сўнг X ижтимоий тармоғида.

Эртаси куни Зеленский АҚШ қуролли кучларининг Қуруқликдаги қўшинлари вазири Дэн Дрисколл бошчилигидаги америкалик ҳарбийлар делегацияси билан учрашди. Учрашув арафасида Украина ОАВ хабар беришича, америкалик вакиллар гўёки Украина президентини Трамп маъқуллагани айтилган 28 банддан иборат тинчлик режасига рози бўлишга кўндиришга уринмоқчи бўлган.

Учрашувдан сўнг Украина президенти офиси баёнот эълон қилди. Унда айтилишича, Зеленский Америка томонидан дипломатияни фаоллаштириши мумкин, деб баҳоланган режа лойиҳасини расман қабул қилган. Баёнотда украин президенти халқ учун муҳим бўлган «асослар»ни белгилаб олгани, учрашув якунлари бўйича эса «урушга муносиб якун ясаш» учун режа бандлари устида ишлашга келишилгани таъкидланади. Шунингдек, Зеленский яқин кунларда президент Трамп билан мавжуд дипломатик имкониятлар ва тинчлик учун зарур асосий бандларни муҳокама қилишга умид боғлаётгани қайд этилган.

Украиналик сиёсатчилар ОАВда тарқалаётган таклифлар таркибида Россия талабларига тўла мос келадиган элементлар борлигини таъкидламоқда: оккупацияни мустаҳкамлаб қўйиш, Украина армиясини чеклаш, ҳақиқий хавфсизлик кафолатларисиз нейтрал мақом, мудофаа салоҳиятини ривожлантиришни тақиқлаш, иттифоқларни эркин танлаш имкониятини йўққа чиқариш. «Европейская солидарность» фракцияси депутати ва Украинанинг Халқаро парламент ассамблеяси (ПАСЕ)даги вакили Алексей Гончаренко DW'га берган изоҳида АҚШ ва Россия ўртасида ОАВда эълон қилинган келишувлар Украина таслим бўлиш режасига ўхшашини айтди. «Украина учун, бошқа ҳар қандай мамлакат каби, энг асосий кафолат – бу ўзининг қуролли кучлари, – деди Гончаренко. – Россия айнан шуни истаяпти – Украина армиясини қисқартиришни, кейинги ҳужумда Украинани бутунлай йўқ қилиш учун».

Гончаренко фикрича, энергетика соҳасидаги сўнгги коррупция можароси Зеленский позицияларини жиддий заифлатган. Аммо, дея таъкидлайди сиёсатчи, исталган келишувни фақат Зеленский эмас, балки бутун Украина жамияти қабул қилиши керак. «Агар биз қандайдир келишувни истасак, уни Украина жамияти қабул қилиши лозим. Украина жамияти учун қабул қилинадиган нарсалар бор, қабул қилиб бўлмайдиган нарсалар бор», – деди у.

«Киев хавфсизлик форуми» раҳбари, 2014–2016 йиллардаги Украина бош вазири Арсений Яценюк эса ОАВда пайдо бўлган маълумотлар амалда шу йил август ойида Аляскадаги Анкориж шаҳрида Путин ва Трамп ўртасида муҳокама қилинган масалаларни такрорлашини таъкидлайди. «Ҳозир ОАВда янги тинчлик режаси сифатида намойиш этилаётган нарса тинчликка ҳеч қандай алоқаси йўқ – бу Украинанинг секин-асталик билан таслим бўлиш режасидир. Бу «тинчлик режаси» деб аталган ҳужжатдаги барча тезислар деярли 4 йил олдин Путин томонидан айтилган позицияни тўлиқ такрорлайди», – деди Яценюк.

Украинада янги режа ҳозирча фақат украиналикларнинг кайфиятини синовдан ўтказиш воситаси бўлиши мумкин, деб ҳисобланяпти. «Аниқки, ОАВга бу маълумотни чиқариш – Украина ва украиналиклар қай даражада чарчагани ва қай даражада «тинчланиш»га тайёр эканини синашдир», – деб ёзди Facebook’да мухолифатдаги «Европейская солидарность» парламент фракцияси ҳамраиси Ирина Герашченко.

«Украинская призма» ташқи сиёсат кенгаши эксперти Александр Краев ҳам АҚШ президенти ва унинг атрофидагилар Украина жамиятини ва Украина халқаро ҳамкорларини – урушни тугатиш учун улар нимага рози бўлишга тайёрлигини синаётган бўлиши мумкинлигини айтмоқда, аммо ҳозирча АҚШ Украинага босим ўтказмайди, деб ҳисоблайди. Унинг баҳолашича, ҳозирги вазият «музокаралар ҳақида гаплашиш» босқичида турибди.

«Мен америкаликлар бундай кучли қаршиликка қарамай, Европа билан муносабатларини бузишга, Хитой ва Россияга босим ўтказиш бўйича бутун дастурини шубҳа остига қўйишга тайёр, деб ўйламайман», – деди Краев DW'га. Эксперт ҳужжатнинг асосий муаммосини таъкидлаб ўтди: у Трампнинг ўзи айтган энг муҳим вазифа – оташкесимга эришишни амалга оширмайди.

Украинанинг АҚШдаги собиқ элчиси Валерий Чалий бу таклифлар Доналд Трампнинг якуний режаси эмас, деб ҳисоблайди. «Агар бу Трампнинг якуний «режаси» бўлганида эди, у камида бу жараёнга жалб қилинган конгрессменлар ва асосий Европа пойтахтларини хабардор қилишни топширган бўларди (бу, аниқки, қилинмаган). Шунинг учун ҳали ҳеч қандай хавотирга тушиш керак эмас. Ҳозирча бу – амалга ошиш имконияти деярли йўқ бўлган «Дмитриев–Уиткофф режаси», – деб ёзди Чалий Facebook’да. Унинг фикрича, бундай режа ҳақидаги маълумот пайдо бўлиши АҚШ томонидан келажакдаги «муроса»нинг муайян чегараларини белгилаш жараёни бошланишини англатади. Аммо Россия, дея таъкидлайди Чалий, бу вазиятдан аллақачон ўзининг ахборот-психологик махсус операцияси учун фойдаланмоқда, инфратузилмаларга зарбалар ва Украинада инсонларни оммавий ўлдириш орқали босимни кучайтирмоқда.

«Новая страна» фуқаролик платформаси ҳаммуассиси, таҳлилчи Валерий Пекар фикрича, Украина жамиятини ичидан ларзага солиш – Россия режасининг фронтдаги босимдан кейинги иккинчи энг муҳим қисми. Шу боис шундай «тинчлик режалари» пайдо бўлмоқдаки, улар украиналикларни ахборот ва руҳий жиҳатдан янада заифлаштириш ва кучсизлантиришни кўзлайди. «Бундай режалар аввал ҳам бир неча бор пайқалган, уларга Украина жамиятининг реакцияси эса жамиятнинг чарчоқ ва ишонмаслик кайфиятини, ҳокимиятга бўлган ишонч етишмаслигини акс эттиради. Ҳатто сўровларда ҳокимият учун овоз беришга тайёрман, деб жавоб берганлар ҳам уни қандайдир хиёнатга қўл қўйишга тайёр, деб гумон қилади. Агар жамият ҳокимият қабул қилмайдиган шартларга имзо чекмаслигига ишонганида, бу қадар хавотир олмаган бўларди. Шу билан бирга, жамият қабул қилмайдиган исталган келишув варианти амалда ҳаётга татбиқ этилиши мумкин эмаслигини ҳам таъкидлаш керак», – деб ёзди Пекар Facebook’да.

Унинг фикрича, эълон қилинган режанинг ўзида янги нарса йўқ: барчаси Путиннинг максималистик талабларининг такроридир, бу эса томонлар ҳали музокаралар олд босқичидан бевосита музокаралар босқичига ўтмаганини англатади. Унинг айтишича, музокаралар босқичи «олдин музокаралардан қочган томон энди ўз позициясини ўзгартиришга тайёр экани ҳақида очиқ сигнал берганидан кейингина бошланади».

«Европа стол атрофида бўлмаса, исталган режа ёки исталган музокара иш бермайди. Бу позицияни хавфсизлик учун тўлиқ жавобгарликни Европа зиммасига юклашга уринаётган Америка Қўшма Штатлари ҳам қўллаб-қувватлайди. Украина мағлубияти Трампга ҳеч қандай сиёсий ютуқ келтирмайди, аксинча, АҚШ жамиятида Украинага нисбатан, ҳатто коррупция можароси билан заифлашган бўлса-да, ҳали ҳам юқори қўллаб-қувватлаш даражаси мавжуд эканини ҳисобга олганда, унга тескари таъсир кўрсатиши мумкин», – дея хулоса қилди Пекар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид