Жаҳон | 20:26 / 24.11.2025
13131
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон ғарбидаги иккита сув омбори бутунлай қуриди

Бунинг сабаби узоқ давом этган қурғоқчилик ва дарёдан сув келишининг тўхташи экани айтилмоқда.

Фото: Метеожурнал

Туркманистоннинг Болқон вилоятида Мамметкўл ва Делили сув омборлари бутунлай қуриб қолди. Бу ҳақда «Метеожурнал» хабар берди.

Бунинг сабаби 2024/2025 йилларнинг совуқ даврида ёғингарчилик миқдорининг камайиши туфайли узоқ давом этган қурғоқчилик ва Этрек дарёсидан сув келишининг тўхташи экани айтилмоқда.

2024 йил ноябрь ойида Мамметкўл сув омборининг умумий сув сатҳи 3,26 км², Делили эса 0,2 км² ни ташкил этган. 2025 йил март ойига келиб, Мамметкўл майдони 2,5 км² гача қисқарди, Делили эса деярли қуриб, 0,08 км² га тушиб қолди.

Май ойида Мамметкўл майдони 0,65 км² гача қисқарди, Делили эса бутунлай қуриди. 2025 йил июнь ойи бошига келиб, Мамметкўл сув омбори ҳам бутунлай қуриди. Мамметкўл охирги марта 2021 йил октябрь ойида бутунлай қуриб, 2023 йил августига қадар кучли сув тошқини уни тўлдиргунга қадар қуруқ ҳолда қолган эди.

Мамметкўл сув омбори 1964 йилда ишга туширилган бўлиб, унинг тўла ҳажми 20,5 млн кубометр, фойдали ҳажми 17,9 млн кубометрни ташкил этади. Делили 1970 йилда ишга туширилган бўлиб, унинг тўлиқ ва фойдали ҳажми 5,32 миллион кубометрга тенг.

Этрек метеостанцияси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида ёғингарчилик фақат февраль ва март ойларида меъёр атрофида бўлган, қолган ойларда уларнинг миқдори меъёрдан сезиларли даражада паст бўлган. Январь ойида атиги 1,6 мм, май ойида 1,4 мм ёғин бўлган. Июнь-август ойларида ёмғир ёғмаган, куз ҳам қуруқ келган.

2025 йил биринчи ярмида ёғингарчилик камайиши туфайли Амударё ҳавзасига кирмайдиган сув ҳавзалари ва дарёларда гидрологик қурғоқчилик кучайди. Бу эса Мурғоб ва Тежен сув омборларида сув ҳажмининг кескин камайишига олиб келди. Кам сувли Этрек дарёсидан тўйинадиган сунъий сув ҳавзалари бутунлай қуриди. Кузда Амударё ҳавзасидаги сув омборларида ҳам сув хўжалиги ҳолати ёмонлашди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид