Жаҳон | 15:05 / 25.11.2025
2826
3 дақиқада ўқилади

НАТО авиабазаси яқинида терактга уриниш: Литвада 18 ёшли украин фуқароси қамалди

18 ёшли Украина фуқароси Даниил Бардадим Вилнюсдаги IKEA дўконини ёқиб юборгани ва НАТО авиабазаси жойлашган Шяуляй шаҳрида теракт уюштиришга урингани тергов давомида аниқланди.

Фото: P. Adamovič / BNS nuotr

Вилнюс округ суди 18 ёшли Украина фуқароси Даниил Бардадимни Литва пойтахтидаги IKEA мебел дўконини ёқиб юборгани, шунингдек НАТО авиабазаси жойлашган Шяуляй шаҳрида теракт содир этишга урингани бўйича айбдор деб топиб, уни 3 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этди.

2024 йил май ойида Полшада доимий яшаб келган Бардадим Вилнюсдаги IKEA дўконига таймерли портловчи қурилма ўрнатган. Қурилма тунги пайт ишга тушган ва ёнғин келиб чиққан. Ёнғин ўз вақтида аниқлангани учун ҳеч ким жабрланмаган. Ушбу иш доирасида дўконга етказилган зарар учун 485 минг евро миқдорида фуқаровий даъво аризаси ҳам судга тақдим этилган.

IKEA дўконини ёқиб юборгандан кейин Бардадим яна бир ҳамроҳи — Украина фуқароси билан Варшавага йўл олган, бир неча кундан сўнг эса Вилнюсга қайтиб, Литва ва Латвиядаги савдо марказларида янги терактлар уюштириш учун у ерда қолдириб кетилган портловчи моддалар ва детонаторлар солинган сумкани олиб кетмоқчи бўлган.

Литва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари 13 май куни Бардадимни Паневежис яқинида қўлга олди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари у Литвага келгани, у ерда сақланаётган ёнғин чиқариш воситаларини олгани ва навбатдаги терактни амалга ошириш учун автобусда Рига томон кетаётгани ҳақида маълумот олган.

Аввалроқ Литва бош прокуратураси IKEA'даги портлаш «Россия разведкаси томонидан берилган топшириқ асосида амалга оширилганини» билдирган эди. «Тўпланган маълумотлар ташкилотчилар — Россия ҳарбий разведкаси экани ҳақида хулоса қилиш имконини берди. Тергов шу йўналишда давом этди», — деган эди уюшган жиноятчиликни тергов қилиш департаменти бошлиғи Артурас Урбялис. Унинг айтишича, IKEA компанияси Россия бозоридан кетгани учун ҳам нишон сифатида танланган.

Бардадим терактни содир этган пайтда 17 ёшда бўлган ва суд буни енгиллаштирувчи ҳолат сифатида инобатга олди. Прокурор Томас Улдукис украиналикни 4 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган. Суд қарорини изоҳлар экан, Улдукис шундай деди: «Ҳукм жуда кенг қамровли. Бу ишнинг энг муҳим жиҳати шундаки, суд шахсни террористик акт содир этган ва Россия ҳарбий разведкаси манфаатларида ҳаракат қилган, деб баҳолади».

Тергов маълумотларига кўра, Литва, Латвия ва Полша ҳудудидаги диверсиялар учун Даниил Бардадим ва унинг ҳамроҳига BMW автомобили ва 10 минг евро мукофот ваъда қилинган, аммо улар бу пулни олмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид