Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Немисларнинг ярмидан кўпи Украинага бундесвер аскарларини юборишни қўллаб-қувватлади
Германия Украинага Европа тинчликпарварлик миссияси доирасида ҳарбийлар юбориши керак, деб ҳисоблайдиганлар сони немислар орасида 56 фоизни ташкил этди. The Berlin Pulse сўровида қатнашганлардан фақат 21 фоизи Владимир Путин Украинада тинчликка музокаралар орқали эришишни истайди, деб ишонади.
Германия аҳолисининг ярмидан кўпроғи, аниқроғи — 56 фоизи, Москва ва Киев ўртасида тинчлик шартномаси имзоланган тақдирда Европа тинчликпарварлик миссияси доирасида бундесвер аскарларини Украинага юборишни маъқуллашини билдирган. Бу ҳақда Forsa жамоатчилик фикрини ўрганиш институти томонидан Кёрбер жамғармаси (Körber Stiftung) буюртмасига биноан ўтказилган The Berlin Pulse йиллик сўрови натижалари гувоҳлик беради. У сешанба, 25 ноябр куни эълон қилинди.
Респондентларнинг 59 фоизи Россия тажовузига қаршилик кўрсатаётган Украинага қурол-яроғ етказиб беришни давом эттириш тарафдори эканини айтди. Шу билан бирга, сўровдан ўтганларнинг фақат 21 фоизи Россия президенти Владимир Путин, умуман олганда, Украинада тинчликка музокаралар орқали эришишга қизиқиш билдирмоқда, деб ҳисоблайди.
Сўров натижаларидан кўриниб турибдики, шу фонда немислар орасида ўзига хос хавфсизлик борасидаги хавотир кучайиб бормоқда. Тадқиқотда қатнашганларнинг 47 фоизи Москва томонидан ҳарбий таҳдидни «жуда юқори» деб баҳолаган. Бу ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада кўп. Ўшанда ўхшаш сўровда шундай фикрни респондентларнинг 39 фоизи билдирган эди. Немисларнинг 54 фоизи шунингдек, Россия уларнинг мамлакатидаги жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишга уриниши мумкинлигидан хавотирда.
Шу билан бирга, немисларнинг 72 фоизи Германия ҳукумати яқин ўн йилликда мамлакат мудофаа харажатларини икки бараварга ошириш ниятини маъқуллайди. Бироқ сўровда қатнашганларнинг 61 фоизи Германия Европада мудофаа соҳасида етакчи рол ўйнашини хоҳламаслигини билдирди.
Умуман олганда, сўров иштирокчиларининг ярмидан сал камроғи (48 фоиз) Германия халқаро инқирозларни ҳал этишда янада фаолроқ рол ўйнаши керак, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, 43 фоиз респондент, аксинча, Берлин бу борада вазминроқ позицияни эгаллашини исташини айтди.
Бу масалада Германиянинг ғарбий ва шарқий қисми ўртасида аниқ тафовут кузатилди. Хусусан, ГФРнинг янада эҳтиёткорона позицияси тарафдорлари собиқ ГДР ҳудудида истиқомат қилувчилар орасида 52 фоизни, ғарбдаги немислар орасида эса «атиги» 42 фоизни ташкил этди. Халқаро инқирозларни ҳал этишда ўз мамлакати янада фаолроқ бўлишини истовчилар улуши ғарбий Германияда 51 фоиз, шарқий қисмда эса 35 фоизга тенг. Бу жиҳатдан, респондентларнинг 72 фоизи, биринчи навбатда, Берлин дипломатик ташаббус кўрсатишини исташини таъкидлади.
Халқаро сиёсат соҳасида асосий муаммо нима, деган саволга иштирокчиларнинг 45 фоизи Украинадаги урушни, 39 фоизи Яқин Шарқ можароси билан боғлиқ муаммолар мажмуасини, 33 фоизи эса АҚШ билан муносабатларни қайд этди.
Германия аҳолисининг ўз мамлакати билан АҚШ ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги фикри бўйича эса, республикачи Доналд Трамп Қўшма Штатлар президентлигига қайтганига деярли бир йил ўтганидан сўнг, сўровда қатнашганларнинг 73 фоизи бу муносабатларни «ёмон» деб атаган. Таққослаш учун: ўтган йили, АҚШда президент Жо Байден ҳокимиятда бўлган пайтда, The Berlin Pulse сўрови иштирокчиларининг 74 фоизи Берлин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни «яхши» деб баҳолаган эди.
Тадқиқот натижаларига кўра, сўнгги уч йил ичида илк бор немислар АҚШни халқаро сиёсат соҳасида Германиянинг энг муҳим ҳамкори деб ҳисоблашдан тўхтади. Бу ўринни Франция эгаллади: респондентларнинг 46 фоизи ГФР учун халқаро майдонда энг муҳим шерик сифатида айнан Францияни кўрсатди. АҚШни энг муҳим ҳамкор, деб ҳисоблаганлар улуши 26 фоизни ташкил этди.
Немисларнинг фақат 38 фоизи Вашингтонни Украинадаги уруш масаласида ишонарли ҳамкор, деб билади. 23 фоиз сўровдан ўтганлар АҚШни жаҳонда демократия учун курашда Германиянинг ҳамкори деб атади.
Шу билан бирга, тадқиқот иштирокчиларининг 38 фоизи АҚШни ГФР учун иқтисодий таҳдид, деб баҳолаган. Ўтган йили бундай фикрни фақат 17 фоиз немислар билдирган эди. Респондентларнинг 35 фоизи Германия Америка «ҳарбий-ядровий соябони» орқали ҳимояга таяна олади, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, сўровдан ўтганларнинг 75 фоизи Берлин Франция ва Британиянинг ядровий ҳимояси Германияга ҳам тегишли бўлиши юзасидан келишувга эришишга ҳаракат қилиши керак, деб ҳисоблайди.
Бугун Германияда ўтган йилга нисбатан Хитойнинг тобора ортиб бораётган таъсирини манфий омил деб ҳисобловчилар камайган. Аниқроғи, бу фикрни немисларнинг 50 фоизи қўллаб-қувватламоқда, ўтган йили эса бу кўрсаткич 61 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, немисларнинг 42 фоизи Хитой таъсирининг ўсишига нисбатан нейтрал муносабатда, 7 фоизи эса ижобий қарайди.
Шунга қарамасдан, сўров иштирокчиларининг 59 фоизи Хитойни «катта иқтисодий таҳдид» деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, Тайванда Пекин билан можаро юзага келган тақдирда, унга ҳарбий ёрдам кўрсатиш ғоясини қўллаб-қувватлайдиган немислар улуши қисқарган: 2024 йилда 31 фоиз бўлган бу кўрсаткич ҳозирги кунда 24 фоизга тушган.