Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонлик боксчилар Жаҳон кубогида 11та медални қўлга киритишди
Финалда Ўзбекистон терма жамоасидан 7 нафар боксчи олтин медал учун жанг қилди.
Хитойнинг Гуиянг шаҳрида World Boxing ташкилоти кубоги баҳсларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Мусобақада 40 давлатдан 177 нафар эркаклар ва 123 нафар аёллар ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Унда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси тўлиқ таркибда - 10 вазн тоифасида, аёллар жамоаси эса 9 вазн тоифасида иштирок этди ҳамда 4 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритди.
Финал босқичига Ўзбекистон терма жамоаси энг кўп – 7 нафар боксчи билан етиб келди.
-57 кг вазн тоифасида Нигина Ўктамова ҳиндистонлик Прачига қарши рингга кўтарилди. Якунда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган Нигина Жаҳон кубоги олтин медалини қўлга киритди.
60 кг вазнда Абдумалик Ҳалоков бразилиялик Луиз Габриелга қарши рингга чиқди ва 5:0 ҳисобида зафар ғалаба қозонди.
-80 кг вазн тоифасида Жавоҳир Умматалиев бразилиялик Вандерлей Перейрани 3:2 ҳисобида енгди.
-90 кг вазнда Тўрабек Ҳабибуллаев англиялик Исаак Окохга қарши рингга кўтарилиши керак эди. Рақиби жароҳат олганлиги сабабли жанг қила олмаслигини билдирди ва Тўрабек ғолиб деб эълон қилинди.
-48 кг вазн тоифасида Фарзона Фозилова, -50 кг вазн тоифасида Асилбек Жалилов, 80 кг вазн тоифасида Олтиной Сотимбоева кумуш медални қўлга киритди.
Ярим финалда мағлуб бўлган Арман Маханов, Акмалжон Исроилов, Азиза Зокирова ҳамда Ситора Турдибекова мусобақани бронза медали билан якунладилар.
Турнирнинг учинчи финал босқичи ноябр ойида Тошкентда бўлиб ўтади.