Жаҳон | 08:55 / 29.11.2025
2780
4 дақиқада ўқилади

Украина бўйлаб навбатдаги ҳужум: Киев, Бровар, Днипро ва Харкивда портлашлар 

Россия Федерациясининг кечки ҳужуми натижасида дронлар Киев ва Бровардаги турар жой уйларига тушгани хабар қилинди. Украинадаги бошқа ҳудудларда ҳам портлашлар ҳақида маълумотлар бор.

Фото: Russland-Ukraine-Krieg/picture alliance/AP

Россия қўшинлари шанбага ўтар кечаси яна Украина бўйлаб зарбаларни амалга оширди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, дронлар ва авиабомбалардан фойдаланилган ҳужумлар Киев ва Киев вилоятига йўналтирилган. Шунингдек, Днипро ва Харкив шаҳарларида ҳам портлашлар эшитилган.

Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти маълумотларига кўра, дронлар Украина пойтахтининг камида тўрт туманидаги кўп қаватли уйларга тушган. Жумладан, Шевченко туманида 14 қаватли уйга зарар етган, Соломён туманида 25 қаватли турар жой биноси ва унинг ёнида турган автомобиллар, шунингдек хусусий сектордаги турар жой уйи шикастланган. Святошин туманида эса бир дрон уч қаватли уйга тушган. Днипро туманида етти қаватли уйнинг бир қисми вайрон бўлган.

Киевда Россия томонидан учирилган дронлар очиқ ҳудудга ҳам тушган, бир қатор автомашиналарга зарар етгани ҳақида Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти хабар қилди. Қатор туманларда ёнғинлар келиб чиққан, ўчоқларга фавқулодда хизматлар йўлланган. Киев мэри Виталий Кличко камида етти киши жароҳатлангани, улар орасида 13 ёшли ўсмир ҳам борлигини маълум қилди.

Россия ҳужумлари остида Бровар тумани ҳам қолди — бу ерда дронлар бир неча кўп қаватли ва шахсий уйларга урилган. Бровари шаҳрида икки киши жароҳат олгани ҳақида вилоят маъмурияти раҳбари Николай Калашник маълум қилди.

Киевда ҳаво ҳужуми хавфи сиреналари маҳаллий вақт билан соат 22:00 лар атрофида эшитилди, лекин ундан олдинроқ Украина Ҳаво кучлари Харкив бўйича зарбалар ҳақида хабар берган эди. Ҳарбийлар маълумотларига кўра, ҳужумда бошқариладиган авиабомбалар қўлланган.

Россия зарбалари Харкив вилояти энергетика инфратузилмасига ҳам тегди, деб маълум қилди кейинроқ Дергачёв тумани ҳарбий маъмурияти бошлиғи Вячеслав Задоренко. У зарар ҳақида аниқ маълумот келтирмади, бироқ маҳаллий хонадонларда электр кучланишида тебранишлар кузатилиши мумкинлигини таъкидлади.

Днипропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Владислав Гайваненко маҳаллий вақт билан тахминан соат 23:00 да Днипро шаҳридаги портлашлар ҳақида хабар қилди. Ҳужум оқибатлари бўйича у ҳозирча батафсил маълумот бермади. Шаҳарга оид ижтимоий тармоқ саҳифаларида ҳам зарар кўлами ёки жабрланганлар ҳақида аниқ маълумот келтирилмаган.

Ноябр ўрталарида оммавий ахборот воситаларида АҚШ президенти Доналд Трампнинг режаси ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ушбу режада Россия Федерациясининг Украинага қарши тўлиқ миқёсдаги урушига барҳам бериш бўйича қатор қадамлар кўзда тутилган эди. Матбуотда эълон қилинган режа тафсилотларининг кўп қисми Москва томонининг Киевга бўлган максималистик талабларини такрорлайди, бироқ Трамп ва унинг маъмурияти келишувни иложи борича тезроқ имзолаш зарурлигини таъкидлаб келмоқда.

Украина ва АҚШ Женевада маслаҳатлашувлар ўтказди, улар чоғида Трамп режасига ўзгартишлар киритилди. Кутилишича, декабр бошларида уни Россияга Трампнинг махсус вакили Стив Уиткоф тақдим этади, бу ҳужжатда эса Россиянинг ҳудудий талаблари масаласи кўтарилмайди.

Шунга қарамай, Россия президенти Владимир Путин Украина қуролли кучлари Россияники деб тан олинишини Москва талаб қилаётган Донбассдаги позицияларидан чекинмагунича, Украина бўйлаб ҳужумлар давом этишини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид