Соғлом ҳаёт | 09:37 / 02.12.2025
1129
2 дақиқада ўқилади

Стационар беморларни бошқа тиббиёт муассасасига бепул ўтказиш тартиби жорий этилди

Адлия вазирлиги стационар тиббиёт муассасаларидаги беморларни тиббий кўрсатмага мувофиқ бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш тартибини белгилайдиган низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Энди зарур ҳолларда беморлар бошқа шифохонага шифокор кузатувида, бепул равишда ўтказилади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Адлия вазирлиги “Стационар тиббиёт муассасаларидаги беморларни тиббий кўрсатмага мувофиқ бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3715, 2025 йил 29 ноябр).

Низомга кўра, беморларга зарур ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатиш мақсадида уларни бир стационар тиббиёт муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби белгилаб берилди.

Бунда:

  • бемор (ёки унинг қонуний вакили) зарур ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлган шифохоналар орасидан тиббиёт муассасасини эркин танлаш ҳуқуқига эга;
  • беморни ўтказиш шифокор томонидан берилган тиббий кўрсатма асосида амалга оширилади;
  • зарур тиббий ускуналар ёки мутахассислар мавжуд бўлмаган, ёки ихтисослаштирилган ёрдам бошқа шифохонада кўрсатиладиган ҳолатларда тиббий кўрсатма расмийлаштирилади.

Беморни қабул қилувчи тиббиёт муассасасига ўтказишдан олдин у ердаги бўш ўринлар, зарур тиббий ускуналар ва мутахассислар мавжудлиги аниқланади.

Низомга мувофиқ, стационар беморлар ҳаётий кўрсаткичлари барқарор ҳолда, шифокор кузатувида, бошқа тиббиёт муассасасига бепул ўтказилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид