Ўзбекистон | 18:36 / 03.12.2025
20810
2 дақиқада ўқилади

“Экологик” рейдлар: Андижонда сомса ёпиладиган тандирлар бузиб ташланди

Андижонда ҳаво ифлосланишига қарши рейдлар сомсахоналарни ҳам қамраб олди. Хусусан, Шаҳрихон туманида сомса ёпиладиган тандирлар экскаваторлар билан бузиб ташланди. Туман ҳокимлиги баёнотида айтилишича, рейдлар вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг топшириғи асосида ўтказиляпти.

Фото: Шаҳрихон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

3 декабр куни Шаҳрихон тумани ҳокимлиги эълон қилган видеода тандир сомса ёпиладиган камида учта ошхонадаги тандирлар бузилганини кўриш мумкин.

Тасвирларга қараганда, бузиш тадбирлари “Уч ариқ ошхонаси”, “Меҳмон ошхонаси” ва “Бек ошхонаси” номли кафеларда ўтказилган.

“Андижон вилояти ҳокими топшириғига асосан, Шаҳрихон туманида ҳаво ифлосланишининг олдини олиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан тун-у кун рейд тадбирлари олиб борилмоқда.

Бугун эрта тонгдан ҳаво ифлосланишига сабаб бўлаётган объектлар фаолияти жойида ўрганилиб, талабларга жавоб бермаётган умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида фаолиятини вақтинча тўхтатиш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда”, – дейилади туман ҳокимлиги баёнотида.

Хабар янгиланди: Воқеа интернетда резонансга сабаб бўлиши ортидан, ҳокимликнинг Telegram-каналидан бу хабар, унга илова қилинган видео ва суратлар ўчириб юборилди. 

Андижон вилояти ҳокимлиги ушбу ҳолат зудлик билан ўрганилиб, масъулиятсизликка йўл қўйган туман ҳокимига интизомий жазо чораси сифатида «ҳайфсан» берилгани, бундай ҳолатларни такрорламаслик борасида тушунтириш ишлари олиб борилганини хабар қилди. 

Аввалроқ Тошкентда дудбуронсиз кабоб пишираётган кафеларга чора кўрилган эди.

Шаҳрихондаги рейддан туман ҳокимлиги эълон қилган (ва кейинроқ ўчириб юборган) видео ва суратлар:

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид