Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Гулистоннинг Бўстон маҳалласини модернизация қилиш ишларини кўздан кечирди
Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида Гулистон шаҳри Бўстон маҳалласида 48 та кўп қаватли уйни қамраб олган инфратузилмавий лойиҳалар, янги қозонхона ва иссиқлик тармоқларини барпо этиш ишларини кўздан кечириб, аҳоли учун қулай шароит яратиш бўйича қўшимча вазифаларни белгилаб берди.
Ўзбекистон президентининг “2023-2025 йилларда Ўзбекистон ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Бўстон маҳалласини янгилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ҳудуддаги 48 та кўп қаватли уй жорий таъмирланди, ташқи қисмлари базальт материаллари билан қопланди. Иссиқлик таъминотини яхшилаш мақсадида 18 миллиард сўмлик замонавий қозонхона ва 3,3 километр иссиқлик тармоқлари қурилди.

Кўп қаватли уйларда 23 та индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилиб, “ёпиқ” тизим ташкил этилди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 800 та хонадонни ўз ичига олган 20 та кўп қаватли уйнинг ички иссиқлик тизими қайта тикланди. Шунингдек, маҳалладаги 1 та боғча марказлашган иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан таъминланди.

Янги қозонхона қурилиши ҳисобига йилига 144 минг киловатт-соат электр энергияси ва 627 минг куб метр табиий газ иқтисод қилиниши кутилмоқда.
Давлат раҳбари кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун янада қулай шарт-шароит яратиш, қозонхоналарни қуриш ва улардан самарали фойдаланишда замонавий технологияларни қўллаш, бу соҳада малакали мутахассисларни кенг жалб этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Шу ернинг ўзида президент “еттилик” вакиллари ҳамда нуронийлар билан суҳбатлашиб, маҳалла ва вилоят ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар, инфратузилмани ривожлантириш жараёнлари юзасидан фикр алмашди.


Ўзбекистон президентининг Сирдарё вилоятида инфратузилмани ривожлантиришга доир қарори асосида ҳудудда 215 та кўп қаватли уйни қамраб олган махсус манзилли рўйхат шакллантирилган. Ушбу дастур доирасида уйларнинг том ва фасад қисмларини таъмирлаш, иссиқлик таъминотини яхшилаш, муҳандислик коммуникация тармоқларини янгилаш ҳамда атроф-муҳитни ободонлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади.
Мавзуга оид
18:54 / 04.12.2025
Сирдарё вилоятида Хитой билан ҳамкорликда автомобил ишлаб чиқарилади
18:29 / 04.12.2025
Гулистондаги портлашда ҳалок бўлганлар оиласига 100 млн сўмдан берилади
17:56 / 04.12.2025
Сирдарё вилоятида «Султонҳовуз» сув омбори қурилади
14:15 / 04.12.2025