Ўзбекистон | 13:12 / 05.12.2025
1349
2 дақиқада ўқилади

Янги энергетика қувватлари ҳисобига Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр истеъмоли тўлиқ қопланади

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтаётган маросимда қарийб 11 миллиард долларлик 42 та янги қувват ва инфратузилма объекти фойдаланишга топширилади, яна 21 та янги лойиҳа қурилишига старт берилади.

Фото: пр

Маълум қилинганидек, ҳудудларда жами 3 минг 500 мегаватт қувватга эга 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидроэлектр станция ишга туширилади. Ушбу объектлар тўлиқ қувватда ишлай бошлаши натижасида йилига 15 миллиард киловатт-соат электр энергияси генерация қилинади. Келгуси йилда «яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажмини 23 миллиард киловатт-соатга етказиш режалаштирилган.

– Эътибор беринг, бу – Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр энергия истеъмоли тўлиқ қопланади, деганидир, – деди президент.

Энг муҳими, «тоза» энергия ҳисобига табиий газ сарфи қарийб 7 миллиард куб метрга камайиши, атмосферага чиқадиган зарарли моддалар ҳажми эса 11 миллион тоннага қисқариши қайд этилди.

Шу билан бирга, 1 минг 245 мегаватт қувватга эга 10 та энергия сақлаш тизими ҳам ишга туширилмоқда. Бу энергия энг кўп истеъмол қилинадиган тиғиз вақтларда қўшимча 1,5 миллиард киловатт-соат электр энергиясини тармоққа узатиш имконини беради.

Фойдаланишга топширилаётган 11 та йирик подстанция ва 420 километр юқори кучланишли электр тармоқлари эса миллий энергетика тизимининг барқарор ишлашига хизмат қилиши таъкидланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид