Сурияда ҳокимият алмашганига бир йил бўларкан, мамлакатда қандай реал ўзгаришлар рўй бергани ва келажакдан нималар кутилаётгани муҳокамалар марказида бўлиши табиий. Дамашқ дипломатик фаолликни давом эттиряпти, бошқа томондан эса ички барқарорлик ҳамон заиф ҳолатда. Мавзу юзасидан Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Бектош Бердиев ва Ҳамза Болтаев сўз юритди.
— Сурияда ҳокимият ўзгарганига бир йил бўлди. Нималар ўзгарди ва қандай кутилмалар бор?
Бектош Бердиев: Бир йил ичида туб иқтисодий бурилишлар қилиш деярли имконсиз. Шунга қарамай, Сурияда ижобий ўзгаришларнинг дастлабки белгилари кўрина бошлади. Хусусан, мамлакатни тиклашга сармоя киритиш бўйича донор давлатларнинг фаоллиги ортмоқда. Қатар, Саудия Арабистони каби Яқин Шарқ мамлакатлари, шунингдек АҚШ ва Европа давлатлари Сурияни қайта тиклашда иштирок этишга тайёрлигини билдирмоқда.
Энг муҳим ютуқлардан бири – санкцияларнинг босқичма-босқич бекор қилинаётганидир. Илгари Башар Асад ҳокимиятига нисбатан жорий этилган иқтисодий, сиёсий ва молиявий чекловлар Аҳмад аш-Шаръа даврининг бир йилида сезиларли даражада юмшатилди. Бу эса Суриянинг тикланиши учун реал имкониятлар яратмоқда.
Ташқи сиёсатда ҳам муҳим силжишлар бор. Сурия минтақавий майдонда яна жозибадорлик касб эта бошлади. Президент аш-Шаръа Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, Қатар амири, Туркия президенти ва бошқа минтақавий етакчилар билан учрашувлар ўтказди. Шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси доирасида дипломатик фаоллик кучайди. Энг эътиборли воқеалардан бири – аш-Шаръанинг АҚШга ташрифи ва Доналд Трамп билан учрашувидир. Бу воқеа Сурия масаласига нисбатан халқаро муносабатлар юмшаётганини кўрсатди. Бундан ташқари, Дамашқнинг Европа билан икки томонлама алоқалари ҳам тикланяпти. Бироқ Исроил билан муносабатлар ҳозирча кескинлигича қолмоқда. Исроил Суриянинг ички ҳудудларига зарбалар беришда давом этмоқда. Жўлан тепаликларидаги стратегик ҳудудлар Исроил назорати остига ўтгани Дамашқ учун жиддий хавф туғдирмоқда. Ғарб давлатларининг бу борадаги реакцияси эса ҳозирча суст.
Ички сиёсатда ҳам вазият мураккаб. Сурия тарихан бошқаруви қийин бўлган кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат ҳисобланади. Араблар, курдлар, алавийлар, друзлар, шиалар, суннийлар, арманлар, христианлар ва бошқа гуруҳлар ўртасидаги зиддиятлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Шунга қарамай, аш-Шаръа парламент ва ҳукуматни шакллантиришга эриша олди. Ҳукумат таркибига турли миллат ва конфессия вакиллари, шунингдек аёллар ҳам жалб қилинди. Бу ички мувозанатни сақлашга қаратилган муҳим сиёсий қадам бўлди.








