Европа Иттифоқи ички ишлар вазирлари ЕИга аъзо мамлакатларда бошпана бериш қоидаларини янада қатъийлаштириш ниятида. Душанба, 8 декабр куни улар икки чора бўйича келишувга эришди: таклиф қилинган «хавфсиз учинчи мамлакатлар» концепциясини қайта кўриб чиқиш ва «хавфсиз келиб чиқиш мамлакатлари»нинг умумий рўйхатини жорий этиш, деб хабар берди epd агентлиги.
«Ҳар йили ўн минглаб одамлар Европага келиб, бошпана сўрайди, гарчи улар хавфсиз мамлакатлардан келган бўлса ҳам», — деб тушунтирди қабул қилинган чораларни Дания ички ишлар вазири Расмус Стоклунд, у ҳозирда Европа Кенгашига раислик қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, янги қоидалар бошпана бериш ишларини тезроқ ва самаралироқ кўриб чиқиш имконини бериши керак.
Келишувга кўра, яқин келажакда ЕИ мамлакатлари ЕИга кирмайдиган хавфсиз мамлакатлардан келган шахсларнинг бошпана тўғрисидаги сўровларини осонроқ рад этиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, сўровчи билан унинг келиб чиққан мамлакати ўртасидаги тўғридан тўғри боғлиқлик эндиликда мажбурий шарт эмас — бу эса учинчи мамлакатларда «қайтариш марказлари»ни ташкил этишга йўл очади.
Натижада, ЕИда ҳимоя излаётган шахслар, ўзи ҳеч қачон бўлмаган мамлакатларга ҳам депортация қилиниши мумкин. Шунингдек, аризаси рад этилган бошпана сўровчилар шикояти кўриб чиқилаётган даврда автоматик тарзда ЕИ ҳудудида қонуний равишда қололмайди.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи биринчи марта хавфсиз деб эътироф этилган келиб чиқиш мамлакатларининг умумий рўйхатини тузди. Унга Миср, Марокаш, Тунис, Ҳиндистон, Косово, Бангладеш ва Колумбия кирди. Бошпана сўраётганлар ушбу мамлакатлардан бўлса, уларнинг аризаларини жадал тартибда кўриб чиқиш — масалан, бевосита чегараларда ёки транзит зоналарда амалга оширилиши мумкин, деб ёзади epd Европа ИИВ раҳбарлари қарорларига таяниб.
Шунингдек, ЕИга аъзо бўлишга номзод мамлакатлардан келган бошпана сўровчилар ҳам, агар бу давлатларда уруш ёки инсон ҳуқуқларига жиддий таҳдидлар бўлмаса, хавфсиз деб ҳисобланади, дейилган хабарда.
Қабул қилинган чораларни амалга жорий этиш учун энди ЕИ мамлакатлари қонун лойиҳасининг якуний матнини Европа парламенти билан келишиб олиши керак бўлади.
2025 йилнинг ўн ойида Германиядан депортация қилинганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга кўпайган, деб ёзган эди 23 ноябр куни Bild am Sonntag газетаси Германия ИИВ маълумотларига таяниб. Мамлакатдан жами 19 538 киши — кунига ўртача 65 нафар киши чиқариб юборилган.















