Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полша дрон технологиялари эвазига Киевга МиГ-29 самолётларини бериш ниятида
Киевга МиГ-29 самолётларини бериш Украинага иттифоқчилар томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов сиёсатининг бир қисми ҳисобланади, дея таъкидлади Полша Қуролли кучлари Бош штаби. Мамлакат мудофаа вазири қайд этишича, бунинг эвазига Варшава дронлар ва ракеталар соҳасидаги технологияларга эга бўлади.
Фото: Сергей Бобылев/ ТАСС
Полша Россия тажовузидан мудофааланаётган Украинага МиГ-29 ҳарбий самолётларини бериш масаласида Киев билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш чоршанба, 10 декабр куни Trojka радиоси эфирида маълум қилди. Унинг айтишича, Варшава ушбу музокараларни иложи борича тезроқ якунлашни истайди.
Полша вазирининг сўзларига кўра, маълум вақт ўтгач, МиГ-29 самолётлари хизмат муддати тугагани сабабли Полша ҳарбий-ҳаво кучлари таркибидан чиқарилади.
«Биз Украина билан МиГ-29 самолётларини бериш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз. Бир вақтнинг ўзида Полшанинг технологияларни — масалан, дрон технологияларини олиши ҳақида ҳам гаплашяпмиз. Бу ҳамкорлик икки томонлама бўлиши керак», — деди Косиняк-Камиш.
Ўз навбатида, Полша Қуролли кучлари Бош штаби эҳтимолий равишда Киевга самолётлар берилиши ушбу моделлар совет даврида ишлаб чиқилгани ва уларни модернизация қилиш истиқболлари йўқлиги билан боғлиқ эканини аниқлаштирди.
Полша Бош штабида маълум қилинишича, Украина томони билан музокараларда Варшавага дронлар ва ракеталар соҳасидаги айрим алоҳида технологияларни бериш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.
9 декабр куни кечқурун эълон қилинган баёнотда таъкидланишича, Киевга МиГ-29 жанговар самолётларини топширишга «Украинани қўллаб-қувватлаш ва НАТОнинг шарқий қаноти хавфсизлигини таъминлаш бўйича иттифоқчилар сиёсатининг бир элементи» сифатида қаралмоқда.
Режага кўра, Полшада фойдаланишдан чиқариладиган МиГ-29 самолётлари ўрнига Америкада ишлаб чиқарилган F-16 ҳарбий самолётлари ва Жанубий Кореянинг FA-50 учоқлари келтирилади. Бундан ташқари, Полша АҚШдан 32 та F-35 кўп мақсадли замонавий жанговар самолёт олишни кутмоқда.
ОАВ маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Полша Қуролли кучлари ихтиёрида 14 та МиГ-29 самолёти қолган.