Жаҳон | 13:20
825
3 дақиқада ўқилади

СБУ дронлари Қора денгизда РФнинг «соя флоти» танкерини нишонга олди

Россиянинг «соя флоти»га кирувчи Dashan танкери Қора денгизда Sea Baby дронлари ҳужуми натижасида жиддий даражада шикаст олди, деб хабар берди DW манбаси СБУда. Операция Украина Денгиз кучлари билан ҳамкорликда ўтказилган.

Фото: ukrinform.ua

Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ)нинг Sea Baby турдаги денгиз дронлари Қора денгизда Россиянинг «соя флоти» таркибига кирадиган яна бир нефт танкерини нишонга олди. Чоршанба, 10 декабр куни махсус хизматдаги DW манбаси маълум қилишича, Комор ороллари байроғи остида ҳаракатланган Dashan кемаси ҳужум натижасида жиддий даражада шикаст олган ва дастлабки маълумотларга кўра, фойдаланишдан чиқарилган.

DW суҳбатдошининг сўзларига кўра, транспондери ўчирилган танкер Украина иқтисодий зонасида Россиянинг Новороссийск порт терминали томон максимал тезликда ҳаракатланаётган бўлган. Украина махсус хизматида таъкидланишича, ушбу операция СБУнинг ҳарбий контрразведка бўйича 13-Бош бошқармаси ва Украина Денгиз кучлари ҳамкорлигида амалга оширилган. Нефт танкерига ҳужум қилингани ҳақида россиялик блогерлар, жумладан РФ Мудофаа вазирлигига яқин «Рыбарь» Telegram-канали ҳам хабар берган.

СБУда зарар кўрган танкернинг тахминий қиймати 30 миллион долларга баҳоланмоқда, у бир рейсда тахминан 60 миллион долларлик нефт маҳсулотларини ташир эди.

Бундан аввал Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Канада, Австралия ва Швейцария Dashan кемасига Россия хомашёсини ташиши ва идентификация тизими ўчирилган ҳолда юқори хавф даражаси билан сув йўлларидан фойдалангани учун санкциялар жорий этган эди.

«СБУ Россия Федерацияси бюджетига тушаётган нефт-долларлар тушумларини камайтириш бўйича фаол чора-тадбирларни давом эттирмоқда», — дейилган махсус хизмат баёнотида. Унинг вакилининг сўзларига кўра, Dashan сўнгги икки ҳафта ичида ҳужум қилинган Россиянинг «соя флоти» танкерларидан бешинчисига айланган. Кремл айнан шу флотдан халқаро санкцияларни айланиб ўтиш учун фойдаланмоқда. Илгари, 28 ноябр куни Sea Baby дронлари Қора денгизда Гамбия байроғи остида юрган санкция остидаги икки танкер — Kairos ва Virat’ни нишонга олган эди.

Кейинроқ яна икки ҳодиса рўй берди. 1 декабр куни Сенегал пойтахти Дакар яқинида Россия нефтини ташиб кетаётган Mersin танкери бортида тўртта ташқи портлаш қайд этилди. Эртаси куни эса Қора денгизда, Туркия қирғоғидан тахминан 80 миля (қарийб 120 км) узоқликда Россиядан Гуржистонга мой ташиб кетаётган Midvolga 2 танкери ҳужумга учради.

Шунингдек, 10 декабр куни СБУ Одессада РФнинг «соя флоти»га мансуб, Африка мамлакатларидан бирининг байроғи остида юрган кема қўлга олингани ҳақида ҳам хабар қилди. Идора маълумотларига кўра, мазкур юк кемаси 2020 йилдан буён камида етти марта Қримдаги Севастопол портига кириб, РФ манфаатларида аграр маҳсулотларни ноқонуний экспорт қилиш учун фойдаланилган.

Одессадаги «Думская» нашри маълумотларига қараганда, гап Гвинея-Бисау байроғи остида юрган Gladius кемаси ҳақида кетмоқда. У 2020 йилдан бери камида беш марта ҳам ўз номини, ҳам байроғини ўзгартирган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид