Жаҳон | 20:10
2258
7 дақиқада ўқилади

Трампнинг олтин картаси сотуви бошланди. АҚШ ундан “миллиардлаб” пул ишламоқчи

Доналд Трамп таъбири билан айтганда, грин-картадан фарқ қилмайдиган «Trump Gold Card»га мурожаат қилишнинг ўзи – 15 минг доллар. Текширувдан ўтганлар 1 миллион доллар тўлаб, АҚШда қонуний мақом, кейинчалик фуқаролик олиши мумкин. Картанинг корпоратив версияси эса икки баравар қиммат.

Фото: Олтин картанинг расмий сайтидан скриншот

10 декабрь куни АҚШ президенти Доналд Трамп узоқ вақтдан бери ваъда қилиб келган «Trump Gold Card» – «Олтин карта» виза дастурини расман ишга туширди. Ушбу карта 1 миллион доллар тўлаган шахсларга ва ҳар бир чет эллик ходим учун 2 миллион доллар тўлаган корпорацияларга АҚШда қонуний мақом, кейинчалик фуқаролик олиш йўлини таклиф қилади.

Доналд Трампнинг фикрича, ушбу янги виза – АҚШга энг яхши истеъдодларни жалб қилиш, шу билан бирга федерал ғазнага даромад келтиради. У бир неча ойдан бери олтин карта дастурини тарғиб қилиб келмоқда. Ҳатто бир пайтлар ҳар бир карта 5 миллион долларга тушишини айтган эди. Кейинроқ бу нархларни 1 миллион долларга туширди.

Фото2 Фото: AP

The Associated Press’нинг АҚШ расмийларига таяниб ёзишича, дастур доирасида тушадиган барча маблағлар «АҚШ ҳукуматига боради» ва Молия вазирлиги бошқарадиган ҳисобга миллиардлаб доллар оқиб келиши кутилмоқда. Трампнинг айтишича, янги дастур аслида яшил карта (green card) бўлиб, амалда доимий яшаш ҳуқуқини ва кейинчалик фуқаролик олиш имконини беради.

«Бу, асосан, Green card, лекин анча яхшироқ. Анча кучлироқ ва қудратлироқ йўл», деди Трамп Оқ уйда журналистларга.

Яна 15 минг долларлик тўлов

Айни вақтда картага ариза бериш учун АҚШ ҳукумати Trumpcard.gov махсус сайтини ишга туширди. Сайтга картанинг тасвирини ҳам жойлаштирди — унда президент Трампнинг портрети, орқа фонда АҚШ байроғи ва «Trump Gold Card» ёзуви остида унинг имзоси акс этган.

Сайтга кўра, карта учун мурожаат қилишга аризачилар қайтарилмайдиган 15 минг долларлик қайта ишлаш (processing) тўловини тўлаши керак.

АҚШ Савдо вазири Ховард Лутникнинг айтишича, дастур аризачиларни пухта «background check» — келиб чиқиш ва хавфсизлик текширувларидан ўтказади. Бу уларнинг «Америкада бўлишга мутлақо лойиқ эканини кафолатлайди».

Аризачилар Ички хавфсизлик департаменти томонидан текширилгач ва тасдиқлангач, улар 1 миллион доллар тўлаши шарт бўлади. Шунда улар «рекорд вақт ичида АҚШ резидентлигини олади» ва қонуний доимий яшовчи мақомига эга бўлади.

«Шахс текширув жараёни якунланганидан сўнг 1 миллион долларлик ҳадя унинг АҚШга сезиларли фойда келтириши исботи ҳисобланади. Шахс ҳар хил шароитларга қараб АҚШ Давлат департаментига қўшимча кичик тўловлар ҳам тўлаши мумкин», дейилади расмий сайтдаги тушунтиришда.

«Миллиардлаб доллар йиғамиз»

Савдо вазири Ховард Лутникнинг айтишича, дастур олдиндан рўйхатдан ўтиш босқичида 10 мингга яқин кишини жалб қилган ва у бу сон янада ортишига ишонади. «Вақт ўтиши билан биз минглаб карталарни сотамиз, биласиз, миллиардлаб, миллиардлаб доллар йиғамиз,» деди Лутник Reutersʼга берган қисқа интервьюсида.

Лутник, шунингдек, амалдаги грин-карт эгалари ўртача америкаликдан камроқ даромад топишини, Трамп эса буни ўзгартирмоқчи эканини айтди. Лекин, бу фикрига далил келтирмади.

«Хуллас, визалар ўша-ўша, лекин энди энг яхши одамлар билан тўлдирилади,» деди Лутник.

New York Times'нинг ёзишича, махсус сайтда «Platinum card» ҳақида ҳам дастлабки маълумот берилган.

У бошқа давлат фуқароларига ҳар йили 270 кунгача АҚШда яшашга ва чет элда топилган даромаддан солиқ тўламасликка рухсат беради. Платина карта олувчилар 5 миллион доллар ҳамда 15 минг долларлик қайта ишлаш тўлови тўлаши керак бўлади.

Картанинг корпоратив версияси

Савдо вазири Ховард Лутникнинг таъкидлашича, Gold Card дастурининг корпоратив версияси ҳам мавжуд бўлиб, компанияларга АҚШда ишлашини истаган ҳар бир хорижий ходимлари учун 2 миллион долларлик бадал эвазига олиш имконини беради. Компаниялар бир нечта карта олишлари мумкин, аммо ҳар бир карта фақат битта шахсга бириктирилади.

Доналд Трамп ариза бераётган корпорациялар учун иш ўринлари яратиш талаблари ёки дастур бўйича умумий квоталар ҳақида гапирмаган.

Трамп сентябр ойида Gold Card дастури ҳақида фармон имзолаган эди. / Фото: New York Times

Трампга кўра, бизнес етакчилари – «АҚШ университетларидан энг яхши битирувчиларни ёллашга уринган, аммо уларда қолишга рухсатномаси йўқлиги сабабли бунга эриша олмаган».

«Сиз энг яхши университет битирувчиларини ёллай олмайсиз, чунки бу одамни ушлаб қолиш-қолмаслигингизни билмай қоласиз,» деди Трамп.

Унинг айтишича, дастур АҚШга «буюк одамлар келишини» англатади, чунки «улар зўр инсонлар бўлади». У АҚШнинг етакчи университетларида таълим олган Хитой, Ҳиндистон ва Франциядан бўлган талабаларни олтин карта олиши мумкин бўлган шахслар қаторида тилга олди. «Компаниялар жуда хурсанд бўлади,» деди у.

«Бойларга имтиёз»

Gold Card дастури – Оқ уй маъмуриятининг иммиграция сиёсатига қарши турувчи Трамп версияси, деб ёзмоқда Reuters. Президент – бу жараён ўзининг тарифлар дастури каби муваффақиятли бўлишини таърифлаган.

Баъзи демократлар ва мигрант ҳуқуқлари ҳимоячилари ушбу дастурни қоралади, уни бой одамларни адолатсиз тарзда устувор қўйиши билан айблади. Айримлар президентнинг бундай дастур яратиш ваколати бор-йўқлигини ҳам савол остига олмоқда.

Трамп ўзининг сиёсий фаолиятини АҚШ-Мексика чегарасини кучайтириш ва қатъий иммиграция сиёсатини тарғиб қилиш орқали қурди. Унинг иккинчи маъмурияти ҳам ўн ойдан ортиқ вақт мобайнида оммавий депортация ва кенг кўламли иммиграция рейдларини амалга оширмоқда.

Фото: Reuters

Ўтган ой Вашингтонда икки миллий гвардиячига қарата ўқ узилган отишмадан сўнг – АҚШнинг қонуний иммиграция тизимида ҳам кенг кўламли ўзгаришлар киритилди.

Федерал расмийлар 19 мамлакат фуқаролари топширган иммиграция аризаларини вақтинча тўхтатди. Шунингдек, улар бошпана аризалари бўйича қарорларни ҳам музлатди ва Байден маъмурияти даврида тасдиқланган 50 мингдан ортиқ бошпана аризасини қайта кўриб чиқишга ваъда берди.

Мавзуга оид