Жаҳон | 13:10
366
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Лукашенко режимига қарши янги санкциялар жорий этмоқчи

Литвага нисбатан мунтазам тус олган гибрид ҳужумлар сабабли Евроиттифоққа аъзо давлатлар элчилари Беларусни ЕИ санкция режимига қўшиш учун қонуний асосни маъқуллади. Бунга сабаб сифатида Беларусдан Литва томон учиб ўтаётган, контрабанда ортилган ҳаво шарлари билан боғлиқ ҳодисалар кўрсатилмоқда.

Фото: AP

Евроиттифоққа аъзо давлатлар элчилари Беларусга нисбатан у амалга ошираётган гибрид фаолият учун ЕИ санкция режимига қўшишга оид қонуний асосни маъқуллади. DW мухбирига 10 декабр, чоршанба куни Брюсселдаги икки манба шу ҳақда маълумот берди.

Қайд этилишича, Беларус раҳбари Александр Лукашенко режимига нисбатан санкцияларни жорий этиш учун янги мезонлар келишиб олинган. Ушбу мезонлар Евроиттифоққа гибрид ҳужумларда иштирок этган шахсларни санкция рўйхатларига киритиш имконини беради. Кутилишича, қарорни 15 декабр куни ЕИ Ташқи ишлар кенгаши мажлисида Евроиттифоққа аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари маъқуллайди.

Бундан олдин Литва Беларусдан азот ўғитлари, мойни импорт қилишни тақиқлаш ва банклар билан операцияларни чеклаш таклифлари билан чиққан эди.

Беларус томонидан Литвага қарши амалга оширилаётган гибрид ҳужумларга жавоб тариқасида янги санкциялар жорий этиш нияти борлиги ҳақида Еврокомиссия (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен 1 декабр куни Литва президенти Гитанас Науседа билан учрашувдан сўнг маълум қилган эди.

ЕК раҳбари мамлакат ҳокимияти ва унинг раҳбари Лукашенконинг хатти-ҳаракатларини «бутунлай қабул қилиб бўлмайдиган» деб атаган ва контрабандали сигареталар ортилган ҳаво шарлари кириб келиши шароитида Литва бир неча бор Беларус билан чегарани ёпганини эслатиб, Литва билан «тўлиқ бирдамлик» изҳор этган.

Литва Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан буён Беларус томонидан Литва ҳаво ҳудудига кириб келаётган, контрабандачилар томонидан сигаретларни чегарадан олиб ўтиш учун қўлланадиган ҳаво шарлари — «метеозондлар» билан боғлиқ юзлаб ҳолатлар қайд этилган. Куз ойларида метеозондлар Вилнюс ва Каунас халқаро аэропортларига бевосита яқинлашадиган бўлди, шу боис бу аэропортларда бир неча бор парвозларга чекловлар жорий этилди.

Ушбу ҳолатлар фонида Литва ҳокимияти октябр ойи охирида Беларус билан чегарани вақтинча ёпиб қўйди. Шундан сўнг Беларус Литвa рақамига эга юк машиналарининг Европага чиқиб кетишини тўхтатиб қўйди. Ноябр ойида чегара яна очилди.

Беларусдан контрабанда ортилган ҳаво шарларининг оммавий учиб келиши давом этаётгани муносабати билан Литва фавқулодда ҳолат режими жорий этди. Вилнюсдаги ҳукумат мажлисида сешанба, 9 декабр куни ушбу қарорнинг амал қилиш ҳудудини бутун мамлакатга кенгайтириш ҳақида қарор қабул қилинди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид