Жаҳон | 09:55
1468
3 дақиқада ўқилади

Минск Россияга сафарлар бўйича огоҳлантириш берди

Беларус ҳукумати мамлакат фуқароларини Россияга, айниқса Украина билан чегарадош ҳудудларга сафар қилишдан вақтинча тийилишга чақирди. Расмийлар буни хавфсизлик билан боғлиқ вазият ва Брянск вилоятида беларуслар бўлган автобусларга такрорий ҳужумлар ҳақидаги хабарлар билан изоҳламоқда.

Фото: РИА Новости

Беларус Хавфсизлик кенгаши давлат котиби Александр Волфович фуқароларга Россияга, хусусан чегара ҳудудларига сафарларни вақтинча чеклашни тавсия қилди. Бу ҳақда давлатнинг БелТА агентлиги хабар берди.

Расмийнинг баёноти сўнгги уч ҳафта ичида иккинчи марта Россия расмийлари Брянск вилоятида беларуслар бўлган автобусларга дронлар ҳужуми уюштирилганини маълум қилганидан кейин янгради.

Волфовичнинг сўзларига кўра, Беларус раҳбарияти аввал ҳам фуқароларни Россиянинг чегара ҳудудларига бормаслик ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.

«Биз бир неча марта беларусларга Россияга, айниқса чегара ҳудудларига сафар қилишдан тийилишни тавсия қилганмиз. У ерда деярли ҳар куни дронлар қуламоқда, турли нохуш воқеалар содир бўлмоқда. Чегаралар ёпилмаган, бориш ёки бормаслик ҳар кимнинг шахсий қарори, аммо хавфни ҳамма инобатга олиши керак», деди у.

Шунингдек, у сўнгги ҳужумга учраган автобус мактаб, спорт ташкилоти ёки давлат идораси томонидан ташкил этилган саёҳат эмас, балки хусусий тарзда ташкил этилган сафар бўлганини таъкидлади. Автобусдаги йўловчилар Қора денгиз соҳилидаги Анапа шаҳрига дам олиш учун йўл олган.

Волфовичнинг таъкидлашича, Украинадаги уруш давом этаётган бир пайтда бундай сафарлар хавфсизлигини ҳеч ким кафолатлай олмайди. Шу муносабат билан у беларусларга дам олиш учун мамлакат ичидаги имкониятлардан фойдаланишни тавсия қилди.

17 июн куни Брянск вилоятида Беларусдан Геленжикка йўл олган болалар футбол жамоаси бўлган автобусга дрон зарбаси берилгани ҳақида хабар қилинган эди. Автобусда 44 киши, жумладан 28 нафар бола бўлган. Ҳодиса оқибатида болаларга ҳамроҳлик қилган бир аёл ҳалок бўлган, олти киши, шу жумладан тўрт нафар бола жароҳатланган.

Россия ва Беларус расмийлари ушбу ҳужум учун Украинани айблаган. Бироқ Украина Қуролли кучлари Бош штаби бу айбловларни рад этиб, кўрсатилган вақтда Брянск вилояти ҳудудида Украина дронлари қўлланмаганини маълум қилди ва бу каби баёнотларни «Кремлнинг ахборот провокацияси» деб атади.

2 июл куни Брянск вилоятида Минск–Анапа йўналишида ҳаракатланаётган яна бир автобусга ҳужум қилингани хабар қилинди. Беларус Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида икки нафар ҳайдовчи ва бир йўловчи жароҳат олган ҳамда Гомел вилояти клиник шифохонасига ётқизилган. Автобусдаги қолган 18 нафар йўловчига шикаст етмаган.

Россиянинг Брянск вилояти маъмурияти бу ҳужум учун ҳам Украинани айблади. Украина томони эса мазкур воқеа юзасидан расмий муносабат билдирмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид