Жаҳон | 21:27 / 15.12.2025
3509
4 дақиқада ўқилади

Тинчлик музокаралари: Украина Донбассдан қўшинларини олиб чиқишга рози эмас

Зеленский Берлинда америкаликлар билан «мураккаб» музокараларни давом эттирмоқда.

Diego Fedele / Getty Images

Берлинда Украина президенти Володимир Зеленскийнинг АҚШ президенти махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер билан музокаралари давом этмоқда. Музокараларга Европа давлатлари вакиллари, жумладан, Германия канцлери Фридрих Мерц ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ҳам қўшилиши кутилмоқда.

14 декабр куни Зеленскийнинг америкаликлар билан музокаралари беш соатдан ортиқ давом этди. Уиткофф учрашув якунлари бўйича тинчлик режаси муҳокамасида «сезиларли силжиш» бўлганини маълум қилди.

Аммо, The Wall Street Journal нашри ўз манбасига таяниб ёзишича, музокаралар «мураккаб» кечган, чунки АҚШ вакиллари «муросага боришни хоҳламаяпти». Нашр хабарида қайд этилишича, АҚШ ва Украина учрашувлари «Россия иштирокисиз ҳам арқон тортишга айланди»: Вашингтон тезроқ қарор қабул қилишни талаб қилмоқда, Зеленский ва европаликлар эса ҳал қилиниши вақт талаб қиладиган «жиддий келишмовчиликлар» ҳақида гапирмоқда.

Ҳудудий масала энг мураккаби бўлиб қолмоқда. Politico нашри Франциядаги манбасига таяниб ёзишича, Украина АҚШнинг Донбассда Америка компаниялари ишлаши мумкин бўлган қуролсизлантирилган «эркин иқтисодий зона» яратиш таклифини рад этган. Германиянинг Bild нашри ҳам Украина қўшинлари Донецк областининг ўз назоратидаги қисмини тарк этиши масаласи Киев учун «қизил чизиқ» эканини ёзмоқда – нашрга кўра, Украина Россия бунга жавобан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишдан бош тортишидан хавотирда.

Европа давлатлари вакиллари ҳам Украина ишончли хавфсизлик кафолатларини олмагунча, ҳудудлар масаласида ҳеч қандай олдинга силжиш бўлмайди, деган позицияда.

Зеленский 14 декабр кунги музокаралардан олдин ҳам агар Украина АҚШ ва бошқа ҳамкорлардан НАТО низомининг бешинчи моддаси билан таққосланадиган ишончли кафолатлар олса (унга кўра, Россия яна ҳужум қилган тақдирда, кафил давлатлар Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олади), муроса сифатида НАТОга қўшилишдан воз кечишга тайёрлигини айтаётганди.

Аҳоли кайфияти

Киев халқаро социология институти томонидан ўтказилган янги сўров натижаларига кўра, украинларнинг деярли учдан икки қисми (63 фоизи) «қанча керак бўлса, шунча вақт» урушга чидашга тайёр.

Бу кўрсаткич сўнгги ярим йил давомида деярли ўзгаришсиз қолмоқда – май ойида респондентларнинг 60 фоизи, сентябр ойида эса 62 фоизи шундай фикрда эди. Урушнинг дастлабки йилларида бу кўрсаткич мунтазам равишда 70 фоиздан юқори бўлган, энг паст кўрсаткич эса ўтган қишда кузатилганди: ўшанда Украина аҳолисининг 60 фоиздан камроғи уруш давом этишига тайёрлиги ҳақида гапирганди.

Янги сўровда қатнашганларнинг яна 15 фоизи урушга яна бир неча ой чидашга тайёрлигини билдирган, 21 фоизи саволга жавоб беришга қийналган (бу бундай тадқиқотлар бошланганидан бери энг юқори кўрсаткич).

Шу билан бирга, Украина аҳолисининг катта қисми тез орада якунланишига ишонмайди. Аҳолининг атиги 9 фоизи жорий йил охиригача, 14 фоизи 2026 йилнинг биринчи ярмида, яна 11 фоизи унинг иккинчи ярмида уруш тугашига умид қилмоқда. Респондентларнинг учдан бир қисми (32 фоиз) уруш камида 2027 йилгача давом этади, деб ҳисоблайди, яна тахминан шунча киши (33 фоиз) саволга жавоб беришга қийналган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид