Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мерц: Россия активларидан фойдаланишдан бош тортиш ЕИга зарар етказади
Россиянинг музлатиб қўйилган активларидан фойдаланиш Москвага Украинага қарши урушни давом эттиришнинг маъноси йўқлигини кўрсатиши керак, деди Германия канцлери Фридрих Мерц.
Германия канцлери Фридрих Мерц Европа Иттифоқини Украинага ёрдам бериш учун Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш масаласини ҳал этишга қатъий чақирди. Мерц 15 декабр, душанба куни Берлинда ўтган Германия–Украина иқтисодий форумида сўзлаган нутқида: ЕИ аъзолари бундай қарор билан боғлиқ хатарларни ўзаро бўлишиш (тақсимлаш) йўлини топиши керак, акс ҳолда улар Европа Иттифоқи обрў-эътиборига узоқ муддатли зарар етказиб қўйиш хавфига дуч келади, деди. “Агар биз бу вазифани уддалай олмасак, Европа Иттифоқининг ҳаракат қилиш қобилияти кўп йиллар давомида, балки ундан ҳам узоқроқ муддатга жиддий заифлашади”, — дея таъкидлади у.
Форумда иштирок этган Украина президенти Володимир Зеленский ҳам ЕИда музлатиб қўйилган Россия активлари “Россия агрессиясидан ҳимояланиш учун тўлиқ ишлатилиши” керак, деган фикрни билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу “адолатли, оқилона ва амалга ошиши мумкин бўлиши керак”.
Европа етакчилари Россиянинг музлатилган активлари тақдири масаласини 18–19 декабр кунлари Брюсселда бўладиган Европа Иттифоқи саммитида ҳал қилишга уриниши кутилмоқда. Европа комиссияси Украинага Россия Марказий банкининг музлатилган активларини гаров сифатида қўйган ҳолда 140 млрд евро миқдорида “репарация кредити” ажратишни таклиф қилмоқда. Бундай режага кўра, Россия бу маблағларни фақат Украинадаги уруш тугаганидан кейин ва етказилган зарар учун репарациялар тўланганидан сўнггина қайтариб олиши мумкин бўлади. Белгия ва яна бир неча давлатлар бу ғояга қарши чиқмоқда.
Ўтган ҳафта Германия ва ЕИнинг бошқа давлатлари Россия активларини муддатсиз блоклаб қўйиш бўйича аллақачон келишиб олган. Бунинг учун улар Европа Иттифоқи фаолияти тўғрисидаги шартноманинг 122-моддасидан фойдаланмоқчи. У ЕИ алоҳида давлатларини санкцияларни бекор қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш имконини беради, шунингдек жиддий иқтисодий қийинчиликлар юзага келган тақдирда қарорларни якдиллик билан эмас, балки кўпчилик овоз билан қабул қилишни назарда тутади.
Фридрих Мерц бу қарорни маъқуллади. “Биз буни урушни чўзиш учун эмас, аксинча мақсадда қиляпмиз. Биз буни — бу урушни имкони борича тезроқ якунлаш учун қиляпмиз”, — деди канцлер. Унинг таъкидлашича, бундай қадам Москвага “бу урушни давом эттиришнинг маъноси йўқлиги ҳақида аниқ сигнал” юборади ва Россия Украинага кўмак заифлашишига умид қилолмаслигини кўрсатади.
Мавзуга оид
18:53 / 10.06.2026
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
10:40 / 09.06.2026
Европанинг янги авлод жанговар самолёти лойиҳаси тўхтатилди
08:45 / 09.06.2026
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
22:09 / 08.06.2026