Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистон уруш сабаб қочган россиялик ўсмирни депортация қилмоқда
Қозоғистондаги суд урушга қарши қарашлари сабаб Россиядан қочиб келган ўсмирни депортация қилишга қарор қилди. У “чегарани ноқонуний кесиб ўтиш”да айбланди ва Қозоғистонга 5 йил давомида кириши тақиқланди.
Фото: “Уральская неделя”
Қозоғистон суди 16 ёшли россиялик ўсмир Тимур Турковни мамлакатдан чиқариб юбориш (депортация қилиш) ҳақида қарор қабул қилди. У урушга қарши қарашлари сабаб Россиядан қочган ва чегарани пиёда кесиб ўтган. Бу ҳақда 15 декабр, душанба куни The Insider интернет нашри хабар берди. Қозоғистоннинг “Уральская неделя” нашри маълумотларига кўра, Турков сўнгги уч ой мобайнида Уралск шаҳридаги болалар учун ижтимоий марказда бўлган.
“Уральская неделя” эълон қилган видеода ўсмир суд мажлиси Уралскдаги “2-шаҳар суди”да 5 декабр куни ўтганини, 8 декабр куни эса уни Россияга депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарилганини айтади. Суд Тимур Турковни чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топган ва унга Қозоғистонга 5 йил муддатга кириш тақиқланган. Суд қарорига кўра, ўсмир Россияда яна 6 ой “эркинликни чеклаш” жазосини ҳам ўташи керак. “Медиазона” аниқлашича, Турков ишини Ғарбий Қозоғистон вилояти вояга етмаганлар ишлари бўйича ихтисослашган туманлараро суд кўриб чиққан — у Уралскдаги 2-суд биносида жойлашган.
“Просто журналистика” лойиҳаси ёзишича, Тимур Турков Коми Республикасининг Летка қишлоғида бобоси ва бувиси билан яшаган. Отаси оиладан кетган, онаси эса 3 йил олдин коронавирус оқибатлари сабаб вафот этган. 2025 йил ёзида ўсмир 9-синфни тугатган ва Россиядан кетишга қарор қилган. Турковнинг айтишича, бу қарорга у “уруш тарғиботи” сабаб келган.
“Россияда мактаблар милитаризация қилиняпти. Айниқса бизда мактабда катта синф ўқувчиларини Россия–Украина урушида ҳалок бўлган ҳарбийларни дафн маросимларига жалб қилишарди. Қишлоғимизда аҳоли 2,5 минг киши эди, ўша ердан 11 ёки 12 киши ўлик қайтди, беш киши бедарак йўқолди”, — дейди Турков “Уральская неделя” видеосида.
У шунингдек Россияга қайтса, кўчада уни шунчаки “олиб кетиб ўлдириб қўйишлари”дан қўрқишини айтган. “Сиёсий йўналиш сабаб ҳам қайтишни истамайман. Россияда ҳамма нарса чекланяпти: эркин ва мустақил ОАВ чекланяпти, аҳоли устидан тотал назорат жорий қилиняпти”, — дея қўшимча қилган у.
“Уральская неделя” хабар қилишича, Турков жорий йил сентябр ойида Коми Республикасидан Қозоғистонга автостоп билан қочган — “РФнинг сиёсий йўналишига рози эмаслиги, 18 ёшга тўлгач урушга жўнатилиши мумкинлигидан қўрқиши туфайли қочқин мақомини сўраш” мақсадида. У чегарани 12 сентябрга ўтар кечаси 658-чегара белгиси яқинидан пиёда кесиб ўтган. Ўсмирнинг айтишича, у тун давомида тахминан 17 километр йўл босган, бир пайт чарчоқ ва сувсизланиш сабаб ҳушидан кетган.
Кейинроқ Турковни қозоғистонлик чегарачилар топиб, ўтказиш пунктига олиб борган. У ерга Россия консулхонаси вакиллари, РФ чегара хизмати ходимлари ва Россиянинг қўшни аҳоли пунктидан мактаб психологи келган. Турков журналистларга уни Россия ФСБ полковниги ҳам сўроқ қилганини айтган. Кейин ўсмир махсус ижтимоий хизматларга муҳтож болалар марказига жойлаштирилган.
Мавзуга оид
13:21
Евроиттифоқ гибрид ҳужумлар учун Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтирди
10:54
Сўров: украинларнинг кўпчилиги армияни Донбассдан олиб чиқишга қарши
10:26
Мерц: Россия активларидан фойдаланишдан бош тортиш ЕИга зарар етказади
09:46