Ўзбекистон | 18:06 / 16.12.2025
3958
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Ўзбекистон Россия гази транзити бўйича шартнома имзолади

Қозоғистон Россия гази транзитини йилига 8,4 миллиард куб метргача оширишни кўриб чиқмоқда.

Фото: QazaqGaz

Қозоғистоннинг «QazaqGaz» давлат компанияси ва «Ўзтрансгаз» Ўзбекистон ҳудуди орқали газ транзити бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда «QazaqGaz» хабар берди.

Қайд қилинишича, Ўзбекистон томонидан ҳужжатни «Ўзтрансгаз» бошқарув раиси вазифасини бажарувчи Асқар Исоқов, «QazaqGaz» томонидан эса бошқарув раиси Алибек Жамауов имзолади.

«Шартноманинг имзоланиши газнинг барқарор ташилишини таъминлаш бўйича келишувларни мустаҳкамлайди ва газ транспорти соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиради. Битим минтақавий газ инфратузилмасининг ишончлилигини ошириш ва куз-қиш мавсумини барқарор ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилади», дейилади хабарда.

Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Аккенженовнинг аниқлик киритишича, гап Россия газининг транзити ҳақида кетмоқда.

«Бу Россия газининг транзити. Умуман олганда, биз транзитни йилига 8,4 миллиард куб метргача оширишни кўриб чиқмоқдамиз», деди вазирлик раҳбари журналистлар билан учрашувда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид