Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Украинада эгалланган ҳудудларда уй-жойни олиб қўйишни қонунийлаштирди
Владимир Путин Украинада Россия қўшинлари томонидан эгалланган ҳудудларда бўш турган уй-жойларни миллийлаштириш (давлат тасарруфига ўтказиш) ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳужжатга кўра, улар янги маҳаллий ҳокимиятлар қўлига ўтади. Юз минглаб украин қочқинлари уйлари ва квартираларидан айрилиб қолиши мумкин.
Россия президенти Владимир Путин Украина ҳудудида Россия қўшинлари томонидан эгалланган ерларда фойдаланилмаётган уй-жойларни миллийлаштиришга имкон берувчи қонунни имзолади. Кремлда 15 декабр, душанба куни имзоланган ҳужжатга мувофиқ, оккупация қилинган ҳудудларда жойлашган “эгасиз мулк аломатлари” мавжуд бўлган турар жой уйлари, квартиралар ва хоналар минтақалар ҳамда муниципалитетлар мулки деб эътироф этилади.
Ўтган ҳафта бу қонун РФ Давлат Думаси ва Федерация Кенгаши томонидан маъқулланган эди. Ўшанда Украинанинг Дезинформацияга қарши кураш маркази ҳужжатда уй-жойни “эгасиз” деб тан олиш учун аниқ мезонлар белгиланмаганини қайд этган. Бу мезонларни оккупация маъмуриятларининг ўзи белгилайди, бу эса кўчмас мулкни оммавий ўзлаштириб олишга йўл очади. Амалда бу, уруш сабаб Донецк, Луханск, Запорижжя ва Херсон вилоятларидан чиқиб кетган юз минглаб украинларнинг исталган уй-жойи “ҳеч кимники” деб эълон қилиниши мумкинлигини англатади.
Қонунда уй-жойни кейинчалик қайта хусусийлаштириш (реприватизация) имконияти ҳам назарда тутилган. Масалан, уруш оқибатида уйидан айрилган бошқа одамларга берилиши мумкин. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимиятлар уни Россия мансабдорлари учун хизмат уй-жойи сифатида ҳам ишлатиши мумкин.
“Мусодара қилинган уй-жой Россия ҳарбийларига, хавфсизлик кучларига, мансабдорларга ҳамда давлат секторининг Россиядан олиб келинган ходимларига берилади. Демак, маҳаллий аҳоли ўрнига лоял аҳоли қатламини мақсадли равишда жойлаштириш амалга оширилмоқда”, — дейилади Дезинформацияга қарши кураш маркази изоҳида.
Шу билан бирга, қонун матнида мулк ҳуқуқини йўқотган квартира ва уйларнинг собиқ эгалари даъво қилиши мумкин бўлган компенсациялар ҳам тилга олинган. Бироқ бу фақат Россия фуқаролигини олганларга тааллуқли. Компенсация тартибини маҳаллий оккупация ҳокимиятлари белгилаши керак.
Мавзуга оид
18:53 / 10.06.2026
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
10:25 / 09.06.2026