Ўзбекистон | 15:08
1035
2 дақиқада ўқилади

Тошкентга вилоятлардан автомобиль кириши чекланмайди — ҳокимлик

Ижтимоий тармоқларда пойтахт транспорт тизимида режалаштирилаётган ўзгаришлар ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий тушунтириш бериб, вилоятлардан Тошкентга автомобиллар киришига ҳеч қандай чеклов ёки тақиқ жорий этилмаётганини маълум қилди. 

Фото: Kun.uz

Тушунтиришда айтилишича, муҳокама қилинаётган ташаббуслар “киришни тақиқлаш” эмас, балки назорат-ўтказиш пунктларини модернизация қилиш ва улар негизида замонавий транспорт тугунларини ташкил этишга қаратилган. Бунда назорат-ўтказиш пунктларининг бир қисми шаҳар ташқарисига кўчирилиши, яна бир қисми қайта қурилиши режалаштирилган

Ҳокимлик маълумотига кўра, мазкур ҳудудларда йирик автотураргоҳлар, кемпинглар ва дам олиш жойлари, энг муҳими, шаҳарга тез ва қулай етиб келиш имконини берувчи жамоат транспорти инфратузилмаси барпо этилиши кўзда тутилган. 

Расмий тушунтиришда таъкидланишича, бу қарор ҳайдовчилар учун мажбурият эмас, балки қўшимча имконият ҳисобланади. Яъни ҳайдовчи хоҳишига кўра автомобилни автотураргоҳда қолдириб, йўлни жамоат транспортида давом эттириши ёки аввалгидек шахсий автомашинада Тошкентга кириши мумкин. 

Ҳокимлик бундай ёндашув дунё мегаполисларида қўлланадиган Park & Ride моделига мос эканини ҳам қайд этган. 

Изоҳда келтирилишича, режалаштирилаётган чора-тадбирлар транспорт юкламасини қисқартириш, тирбандликларни камайтириш, экологик ҳолатни яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда. Шунингдек, пойтахт меҳмонлари учун марказий ҳудудларда тўхташ жойи қидириш муаммосини камайтириб, ҳаракатланишнинг қулай усулини танлаш имконини кенгайтириши айтилган. 

Ҳокимлик хулосасида, гап тақиқлар ҳақида эмас, балки шаҳар ҳаракатини янада қулай ва замонавий ташкил этиш орқали фуқаролар учун танлов имкониятларини кенгайтириш ҳақида кетаётгани айтилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид