Узбекистан | 10:11
3651
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева Ургутга янги темирйўл орқали борди

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Ургутга хизмат сафари чоғида Самарқанддан Ургут вокзалигача янги темирйўл орқали келинганини билдирди. Унга кўра, мазкур линия Ургутда эркин иқтисодий зона ривожи, тадбиркорлар ва йўловчилар учун масофа ҳамда харажатларни қисқартиришга хизмат қилади. 

Фото: Саида Мирзиёева / Telegram

Саида Мирзиёева маълум қилишича, Ургутга сафар янги темирйўл орқали амалга оширилган ва у ҳудуд инфратузилмаси учун муҳим аҳамият касб этади

Расмий манбаларга кўра, “Самарқанд – Ургут” янги темирйўл линияси қурилиши 2025 йил феврал ойида бошланган бўлиб, умумий узунлиги 55 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 2 та вокзал, “Ургут” иқтисодий зонасида 2 та юк станцияси ва бир қатор кўприклар барпо этилган, келгусида линияни тўлиқ электрлаштириш режалаштирилган. 

Шунингдек, Саида Мирзиёева Ўзбекистон–Тожикистон чегарасида савдо, логистика ва тиббиёт марказларини ташкил этиш лойиҳаси билан танишганини билдириб, асосий мақсад ҳудудни транзит нуқтадан иқтисодий фаолият марказига айлантириш эканини таъкидлаган. 

Қайд этилишича, янги логистика маркази кунига 100 тагача юк автомобилига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида божхона жараёнларида бюрократияни қисқартириш, тезлик ва шаффофликни оширишга ҳам урғу берилган. 

Маълумотларга кўра, диагностика марказида 200 нафар бемор, савдо марказида эса 800 нафар тадбиркор учун шароит яратилиши кўзда тутилмоқда. Шу орқали Тожикистон фуқаролари ҳам ортиқча ҳужжатбозлик ва навбатларсиз савдо қилишлари, тиббий хизматлардан фойдаланишлари мумкинлиги қайд этилган. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид