Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ Украина учун пул топди, лекин бу Россия активлари эмас
ЕИ мамлакатлари етакчилари Украинага музлатилган Россия активларини ўтказиш масаласида келишувга эриша олмади. Шунга қарамай, Киев молиявий ёрдамсиз қолмайди. ЕИ саммити қандай ўтди — DW репортажида.
Фото: REUTERS
Украинани кейинги икки йил давомида молиявий қўллаб-қувватлаш йўллари изланган Европа Иттифоқининг энг узоқ ва энг кескин саммитларидан бири Брюсселда 19 декабр, жума куни соат тахминан 03:00 ларда якунланди.
Музокаралар столида Европа Комиссиясининг (ЕК) икки таклифи турган: музлатилган Россия активлари ҳисобидан “репарацион кредит” ва ЕИнинг умумий қарзи орқали молиялаштириш. Саммит охиригача “репарацион кредит” механизми устида ишланганига қарамай, бу ғояни вақтинча орқага суришга тўғри келди. ЕИ етакчилари ЕИ бюджети имкониятларидан фойдаланган ҳолда Украинага 90 млрд евро миқдорида кредит бериш бўйича келишиб олди. Шу билан бирга, улар музлатилган Россия активлари ҳисобидан “репарацион кредит” устида қўшма ишни давом эттиришга ваъда берди.
“Бизда келишув бор. Украинага 2026–2027 йиллар учун 90 млрд евро миқдорида қўллаб-қувватлаш тақдим этиш ҳақидаги қарор маъқулланди. Биз мажбурият олдик — уни бажардик”, — деб ёзди Европа кенгаши раиси Антониу Кошта музокаралар тугаган заҳоти Х тармоғида.
Россия Украинага қарши бошлаган урушнинг дастлабки даврида ЕИда 210 млрд евро музлатилган, шундан 180 млрд евродан ортиғи Белгия ҳудудидаги Euroclear депозитарийсида сақланади. ХВЖ баҳолашича, 2026 ва 2027 йилларда Украина эҳтиёжларини молиялаштириш учун Киевга 137 млрд евро керак.
Еврокомиссия бу сумманинг 90 млрд евросини музлатилган Россия активлари ҳисобидан ажратишни таклиф қилди. ЕК юридик жамоаси таъкидлашича, “репарацион кредит” таклифи халқаро ҳуқуқ меъёрларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Аммо Белгия бу вариантга қатъий қарши чиқди.
Белгия бош вазири Барт Де Вевер Euroclear Белгия юрисдикциясида бўлгани учун, агар Россия активларнинг ўтказилишига судда эътироз билдирса, барча юридик ва молиявий хавф-хатарларни айнан Белгия кўтаришини айтди. У шундай таклиф қилди: агар ЕИ Россия активларидан фойдаланмоқчи бўлса, Россия Марказий банки пуллари музлатилган барча мамлакатлар “мувофиқлашган ҳолда ҳаракат қилиши” керак.
Белгия позициясининг моҳияти — унга муддатсиз ва чекланмаган молиявий кафолатлар бериш, яъни blank check protection, Россиянинг эҳтимолий суд даъволарига қарши ўзини суғурталаш эди.
Италия, Малта ва Болгария қўллаб-қувватлаган Белгиянинг “репарацион қарз” борасидаги позицияси анча қатъий бўлишига қарамай, музокарачилар охиригача айнан шу йўналишда ишлади. DW'нинг Европа кенгашидаги бир неча манбалари етакчилар Барт Де Веверни кўндириш ва унга “деярли хоҳлаган ҳамма нарсасини бериш” ниятида бўлганини билдирган.
Саммит бошланишидан олдин ЕИ раҳбарияти, хусусан Антониу Кошта журналистларга: етакчилар “2026 ва 2027 йилларда Украина молиявий эҳтиёжларини таъминлаш бўйича якуний қарорсиз бу кенгашдан кетмайди”, деб ваъда берган.
DW'га юқори лавозимли европалик амалдор айтишича, Кошта Украина президенти Володимир Зеленскийни Брюсселга учиб келишга айнан ўзи кўндирган — аввалда у етакчилар билан видеалоқа орқали мулоқот қилиши режалаштирилган эди. DW манбаларига кўра, Кошта Зеленскийнинг Европа кенгаши аъзолари билан саммит олдидан шахсий учрашуви ва, энг асосийси, унинг Барт Де Вевер билан юзма-юз суҳбати музлатилган Россия активларини Украинага беришга қарши бўлган мамлакатлар позициясини ўзгартиришга ёрдам беради, деб умид қилган.
Матбуот анжумани чоғида Зеленский Де Вевер билан суҳбат тафсилотларини очиқламади. Бироқ Россиянинг эҳтимолий суд даъволари оқибатлари Де Веверни хавотирга солаётганини ва у келтираётган далиллар адолатлими, деган саволга Украина президенти шундай жавоб берди: “У айтаётган хавфларни тушунаман. Лекин биз — урушдамиз ва менингча, биз анча катта хавф ичидамиз”.
Шунингдек, Брюсселда Зеленский Европа етакчиларига молиялаштириш ҳақида қарор қабул қилиш қанчалик шошилинч эканини тушунтирди: чунки армия ва бюджет харажатлари учун пул Киевга апрелда керак. Акс ҳолда бу харажатларни қисқартириш оғир ва қайтариб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади. Буни Полша бош вазири Доналд Туск саммит бошланишидан олдин журналистларга шундай таърифлаган: “Ҳозир бизда оддий танлов бор: ё бугун пул, ё эртага қон”.
Европа етакчилари Украина масаласини энг охирида муҳокама қилди. DW'га саммитда қатнашган дипломат айтишича, йиғилиш қатнашчилари кун тартибидаги бошқа масалалар — ЕИ кенгайиши, блокнинг етти йиллик бюджети ва Mercosur савдо келишуви ҳақида баҳслашар экан, саммит залига ёндош хонада Еврокомиссия, Белгия ҳукумати ва бошқа аъзо мамлакатлар жамоалари “ҳаммага маъқул бўладиган муроса топиш” учун “репарацион кредит”нинг барча тафсилотларини параллел равишда ишлаб чиққан. DW суҳбатдошларидан бир нечаси Россия активларини Украинага ўтказиш масаласидек мураккаб муҳокамани эсламаслигини айтган.
Бироқ тўрт соатлик музокаралардан кейин “репарацион кредит” ғояси орқага сурилди — гўёки бир неча мамлакат Барт Де Вевер талаб қилган чекланмаган молиявий кафолатларни ортиқча деб ҳисоблаб, унга рози бўлмаган.
Шундан сўнг Украинага ЕИ бюджети кафолати остида умумий қарзлар ҳисобидан 90 млрд евро кредит бериш ва бир вақтнинг ўзида “репарацион кредит” ечими устида ишни давом эттиришга қарор қилинди. Муҳими, бу вариантга аввал ЕИ бюджети ҳисобидан қарзлар ҳақидаги қарорни (у якдил қабул қилиниши керак) блоклашини айтган Чехия, Словакия ва Венгрия ҳам рози бўлди.
Брюсселдаги матбуот анжуманида Зеленский Украина учун молиявий ёрдам қайси шаклда берилиши муҳим эмаслигини билдирди. “Лекин тўғрироқ шакл — ‘репарацион кредит’: Россия айбдор эканини ва репарация тўлаши кераклигини тушуниши учун”, — деди Украина президенти. Аммо, ҳозирча Брюссел Кремлга бундай сигнал юборишга қатъий қарор қилмаган.
Мавзуга оид
10:44
Болтон: Украина НАТОга киришга интилишдан воз кечмаслиги керак
08:36
ЕИ саммити Украина учун 90 млрд евро молиялаштиришни келишиб олди
16:35 / 18.12.2025
Россия Мудофаа вазирлиги: 2025 йилда Украинадаги урушга 11 трлн рубл сарфланади
16:03 / 18.12.2025