Жаҳон | 07:30
956
2 дақиқада ўқилади

Мегашаҳарлар пойгаси: қайси шаҳарлар тез ўсмоқда, қайсилари секинлашди?

Аҳоли сонининг ўсиши, миграция ва иқтисодий имкониятлар ҳануз миллионлаб одамларни Ер юзидаги энг йирик агломерацияларга жалб қилмоқда. Шу билан бирга, аҳолининг қариши ва ҳудуд танқислиги аллақачон шаклланиб бўлган айрим мегаполислар ўсишини тобора кўпроқ чекламоқда.

Токио / Фото: iStock

БМТнинг World Urbanization Prospects 2025 ҳисоботи маълумотлари асосида Visual Capitalist портали мутахассислари тайёрлаган янги инфографика дунёдаги энг йирик шаҳар марказларини таққослайди: бугун аҳоли қаерда тўпланаётгани ва қайси минтақаларда яқин йилларда ўсиш давом этиши эҳтимоли юқори экани кўрсатилади.

Осиё ҳали ҳам глобал урбанизациянинг асосий эпицентри бўлиб қолмоқда. Индонезия пойтахти Жакарта 2025 йилда аҳоли сони бўйича дунёда биринчи ўринни эгалламоқда — қарийб 42 миллион киши. Унга жуда яқин Дакка (Бангладеш) ва Токио келади.

Биринчи ўттизталикдаги шаҳарларнинг катта улуши Хитой ва Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келади — жумладан Шанхай, Гуанчжоу, Ню-Деҳли ва Мумбай. Бу мегаполислар улкан ички бозорга, иқтисоднинг юқори даражада жамланганига ва минтақавий марказ сифатидаги кўп йиллик ролига таянади.

Осиё кўлам жиҳатидан етакчи бўлса-да, энг юқори ўсиш суръатлари тобора кўпроқ бошқа минтақаларда кузатилмоқда.

Ангола пойтахти Луанда дунёдаги энг тез ўсувчи шаҳарга айланди: 2000 йилдан бери унинг аҳолиси йилига тахминан 11 фоизга ошиб келмоқда. Асосий сабаблар — туғилишнинг юқорилиги ва қишлоқ ҳудудларидан миграция. Лагос ва Киншаса каби бошқа Африка шаҳарлари ҳам рейтингда юқорилаб бормоқда — бу қитъанинг аҳолиси ёш экани ва урбанизация тезлашаётганини акс эттиради.

Бироқ барча йирик шаҳарлар ҳам тез суръатда ўсмайди. Осака ва Мехико каби бир қатор “етилган” агломерациялар ўсишнинг секинлашиши, ҳатто аҳоли сони қисқариши билан юзлашмоқда.

Бу ерда ҳал қилувчи омиллар — аҳолининг қариши, туғилишнинг пасайиши ва уй-жой таклифининг чеклангани. Даромад даражаси юқори бўлган мамлакатларда шаҳарлар ўсиши тобора кўпроқ аҳоли кўпайиши эмас, балки иш унумдорлигининг ошиши ҳисобига таъминланмоқда. Бу эса сўнгги ўн йилликларга нисбатан сезиларли бурилишни англатади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид